Жанубий Корея ҳукумати Марказий Осиёдаги мамлакатлар билан савдо алоқаларини чуқурлаштириш мақсадида махсус агентлик ташкил этди. Ушбу ташаббус Жанубий Кореянинг минтақада иқтисодий иштирокни кенгайтириш истагида эканини намойиш этмоқда, дея ёзади EurasiaNet.org.
Ушбу агентлик – «Корея-Марказий Осиё» ҳамкорлик бўйича Форуми Котибияти (Korea-Central Asia Cooperation Forum Secretariat) - Жанубий Кореянинг «Евроосиё ташаббуси» лойиҳаси бўлиб, у 2013 йилда аввалги президент даврида ташкил этилган. Котибият давлат томонидан назорат қилинадиган ошкора дипломатия ташаббуси бўлган «Корея» жамғармаси шаъфелиги остида фаолият олиб боради.
Жорий йилнинг июль ойида расмий равишда ўз фаолиятини бошлаган котибиятга Марказий Осиёдаги беш давлат - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ваколатхоналари бириктирилган. Уларга ўз мамлакатларининг сармоявий салоҳияти ҳақида кореялик тадбиркорлар хабардорлигини оширишга интилаётган яхши ният элчилари сифатида қаралмоқда.
Котибиятнинг мақсадларидан бири Жанубий Корея ва Марказий Осиё ўртасидаги кучли маданий алоқалардан фойдаланишдир. 1930-йиллар охирида, Советлар Иттифоқи ҳукумати қарорига кўра, СССРнинг Узоқ Шарқ чегара ҳудудларидан Ўзбекистон ва Қозоғистонга қарийб 100 минг этник корейслар мажбуран кўчириб келинган. Бугунги кунда Марказий Осиёда 500 мингга яқин этник корейс яшайди.
Айни пайтда Жанубий Кореянинг минтақадаги иқтисодий амбицияларига асосий тўсиқ унинг жўғрофий масофасидир. Кореяда Марказий Осиё давлатлари билан умумий чегаралар йўқ, минтақа мамлакатларида эса денгиз савдосини йўлга қўйишга имкон берадиган очиқ океанга чиқиш имкони йўқ. Масалан, Қозоғистон пойтахти Остона Сеул шаҳридан 4,5 минг километр ғарбда жойлашган.
Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2016 йилда Жанубий Кореянинг Марказий Осиё мамлакатлари билан савдо ҳажми Корея умумий экспортининг атиги 0.33 фоизини ва жами импортнинг фақат 0,06 фоизини ташкил қилди. Марказий Осиё мамлакатларининг Жанубий Кореяга барча экспорти асосан хом ашёдан иборат бўлиб, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади.
Минтақада энг йирик Корея диаспорасига (200 мингга яқин) эга бўлган Ўзбекистон Марказий Осиёнинг бешта давлати орасида Корея товарларининг энг йирик импортчиси ҳисобланади (2015 йилда импорт ҳажми 1,28 миллиард АҚШ долларини ташкил этган). Ўзбекистон ҳудудида Кореянинг 408 та корхонаси фаолият кўрсатмоқда.
Кореянинг «Евроосиё ташаббуси» фаолияти сўнгги йилларда Ўзбекистон билан савдо-сотиқнинг кенгайишига кўмаклашди. Хусусан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги 2016 йилда икки томонлама товар айирбошлаш ҳажми 1,7 миллиард долларни ташкил этганини маълум қилганди.






