Жамият | 18:23 / 14.10.2017
14818
2 дақиқада ўқилади

Беҳаё мазмундаги материалларни олиб кирмоқчи бўлганлар фош этилди

Ўзбекистон Республикаси президентининг 1997 йил 10 октябрдаги “Товарлар экспортини рағбатлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисидаги”ги фармонига кўра, порнографик мазмундаги материалларни республика ҳудудига олиб киритилиши тақиқланган. Лекин шунга қарамасдан, баъзи фуқаролар томонидан беҳаёликни тарғиб қилувчи порнографик мазмундаги материалларни давлат ҳудудига олиб киришга уриниш ҳолатлари учрамоқда.

Хоразм вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, жорий йилнинг 14 сентябрь куни “Москва–Урганч” йўналиши бўйлаб, Москва шаҳридан Урганч шаҳрига учиб келган Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани Уллибоғ овул фуқаролар йиғинида яшовчи Р.Айтбаев ўзига тегишли бўлган “EXPLAY SHINE” русумли планшети ва “SAMSUNG GALAXY NOTE 3” русумли уяли телефон аппарати хотираларида порнографик мазмундаги 252 та видеолавҳа ва 68 та фотосуратларни олиб киришга уришиниш ҳолати “Урганч аэропорт” чегара божхона пости ҳодимлари томонидан аниқланиб, маъмурий иш юритилган. Мазкур ҳолат юзасидан суд органлари томонидан ҳуқуқбузарга тегишли 2та электрон қурилмаси ҳам давлат фойдасига мусодара қилинди ва қонунда белгиланган тартибда жазо чоралари қўлланилди.

Шунингдек, 2017 йил 20 сентябрь куни “Москва–Урганч” йўналиши бўйлаб, Москва шаҳридан Урганч шаҳрига учиб келган фуқаро Д.Оллабергановга тегишли бўлган уяли телефон божхона назоратидан ўтказилганда, унинг хотирасида 320 дона порнографик мазмундаги видеолавҳалар ҳамда 75 дона порнографик мазмундаги фотосуратлар борлиги аниқланиб, беҳаё мазмундаги материалларни мамлакатга кириб келишига чек қўйилди.

Қайд этилишича, вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида порнографик мазмундаги материаллар билан боғлиқ 381 та ҳолат аниқланган бўлиб, қарийб 15 мингдан ортиқ порнографик мазмундаги материалларни республика ҳудудига олиб кирилишининг олди олинди.

Мавзуга оид