Спорт | 11:00 / 15.10.2017
25711
2 дақиқада ўқилади

«Пахтакор» - «Қўқон-1912» ўйинида ишлаган ҳакамлар дисквалификация қилинди

Олий Лига 24-турида доирасидаги «Пахтакор» – «Қўқон-1912» ўйинидаги ҳакамлик даражаси юзасидан ЎФФ ҳакамлар ва назоратчилар қўмитаси фавқулодда йиғилиш ўтказди. 

ЎФФ матбуот хизмати хабар беришича, йиғилишда 14 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган «Пахтакор» – «Қўқон-1912» ўйинини бошқарган ҳакамлар бригадасининг иши ўрганиб чиқилди.

ЎФФнинг ҳакамлар ва назоратчилар бошқармаси таркибидаги илмий-услубий таъминоти бўлими мазкур ўйинда майдонда бош ҳакам сифатида ишлаган Вадим Агишев, унинг ёрдамчилари Баҳодир Баҳромов ҳамда Набижон Рўзимовнинг ҳакамлигини алоҳида кўриб чиқди. Натижада, Владимир Штерн бошчилигидаги гуруҳ майдондаги барча ҳакамлар учрашувни сифатсиз бошқарган ва ўйин тизгинини қўлдан чиқарган деб баҳолади.

Шу асосда, ҳакамлар ва назоратчилар қўмитаси бош ҳакам Вадим Агишев, унинг ёрдамчилари Баҳодир Баҳромов ва Набижон Рўзимов, тўртинчи ҳакам Аскер Нажафалиевни Ўзбекистон чемпионати, 1-лига, кубок ва ёшлар биринчилиги баҳсларидан мавсум охиригача четлатиш ҳақида қарор қабул қилди.

Ҳакамлар бригадаси аъзоларига баҳони кўтариб қўйганлиги учун ўйин инспектори Игорь Нихочин ҳам Ўзбекистон чемпионати, 1-лига, Кубок ва ёшлар биринчилигидан мавсум охиригача четлатилди.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида ҳам Олий лиганинг икки учрашувида ишлаган ҳакамларга жазо чоралари кўрилганди. Дастлаб, «Бухоро» ва «Динамо» учрашувидан кейин мезбон жамоа мухлислари норозилигига сабаб бўлган Рустам Бобомуродовнинг хизмат ҳақи юз фоизга камайтирилиб, ҳакамликдан бутунлай четлатилди.

Кўп вақт ўтмасдан, Ўзбекистон чемпионатининг 22-туридан ўрин олган «Шўртан» ва «Навбаҳор» жамоалари ўртасидаги учрашувни бошқариб борган ҳакам Олим Толибжонов 10та учрашувга четлатилганди.

Мавзуга оид