22-24 апрель кунлари футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида 9-тур ўйинлари ўтказилди.
БУХОРО 0:1 ПАХТАКОР
Гол: Башар Ресан, 15 (0:1)
Четлатиш: Шаҳбоз Жўрабеков, 90+5 (Бухоро)
Пешқадам «Пахтакор» сафарда бу мавсумни яхши бошлаган «Бухоро» билан тўқнаш келди. Ироқлик легионер Башар Ресан томонидан урилган ягона гол ўйин тақдирини ҳал қилди. Тошкентликлар чемпионатдаги пешқадамликни давом эттирмоқда.
ХОРАЗМ 0:2 НЕФТЧИ
Голлар: Стипе Перитса, 14 (0:1), Аброрбек Исмоилов, 64 (0:2)
Четлатиш: Иззатилло Пўлатов, 87 (Нефтчи)
«Нефтчи» сафарда ҳар таймда урилган голлар эвазига «Хоразм»ни ишончли тарзда енгди. Фарғоналиклар «Пахтакор» билан бир хил очко жамғарган, аммо фақат ўзаро ўйин натижасига кўра ортда бормоқда. Урганчдаги бу ўйин турда энг кўп томошабин йиғди – 11270.
НАВБАҲОР 1:1 СЎҒДИЁНА
Голлар: Люпчо Дориев, 71 (0:1), Исломбек Маматказин, 90+4 (1:1)
«Навбаҳор» сўнгги дақиқада урилган гол эвазига мағлубиятдан қутулиб қолди. Наманган клуби ҳамон учинчи ўринда бормоқда, аммо пешқадамлардан бироз орқада қола бошлади. Энди 2-ўрин билан 3-ўрин орасидаги фарқ 5 очкога етди. «Сўғдиёна» 15-ўринни эгаллаб турибди. Тошкентда ўтказилган бу ўйин турда энг кам – 1136 мухлис тўплади.
НАСАФ 2:3 ЛОКОМОТИВ
Голлар: Шароф Муҳитдинов, 23 (1:0), Сардор Мирзаев, 43 (1:1), Темурхўжа Абдухолиқов, 63 (1:2), Ойбек Рустамов, 73 автогол (1:3), Юсуф Отубанжо, 88 (2:3)
«Насаф» кутилмаганда «Локомотив»га ютқазди. Қарши клуби қаторасига 4 ўйиндан бери ғалаба нималигини билмаяпти ва 7-ўринга тушиб қолди. «Локомотив» бу ғалабадан кейин «Насаф»дан ўзиб, 6-ўринга кўтарилди.
СУРХОН 2:1 МАШЪАЛ
Голлар: Самандар Очилов, 60 пен (0:1), Стефен Чинеду, 84 (1:1), Камрон Юсупов, 90+2 (2:1)
«Машъал» чемпионатдаги илк очкосини олишга жуда яқин эди. Аммо «Сурхон» кучли ирода намойиш этиб, охирги дақиқаларда урилган голлар эвазига ғалабани илиб кетди. «Машъал» қаторасига 9 та мағлубиятдан кейин бош мураббий Игор Суровни истеъфога чиқарди.










