Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Барселона»да йўқотиш, Севильядаги «отишма» ва Роналдунинг қайтиши. Ла Лигада тур воқеалари
«Лас-Пальмас» ва «Сельта» учрашуви билан Испания чемпионатида 8-тур учрашувлари ёпиб берилди. «Трибуна» турнинг воқеаларини эслатиб ўтади.
Испания-Каталония сулҳга эришди

Каталониялик фанатларнинг аксар қисми Мадридда «Атлетико»га қарши кечган ўйинни телевизор орқали томоша қилишига тўғри келди. Мадрид жамоаси «Барселона»нинг фақат 250 нафар мухлисига чипта сотди.
Каталониядаги референдумдан кейин ўтказилган «Барселона»нинг биринчи ўйини сиёсатдан холи бўлмади - «Ванда Метрополитано» стадионининг жанубий трибунасини «Атлетико» мухлислари Испания байроқлари билан тўлдиришди.

Ўйиндан олдин чигалёзди машғулотлари вақтида Каталония референдумининг оташин ташаббускори Жерар Пике тўпга тегиниши билан стадион увуллай бошлади. Пике эса стадионни тарк этишда намойишкорона тарзда қулоқларини бекитди. Бу билан у «Реал» футболкасида «Камп Ноу»да ҳақоратларга кўмилган Луиш Фигуни эслади.

Аммо майдонда жанг бўлмади - томонлар дурангга келишишди. Ўйин бошидаёқ Саул узоқдан берган зарбаси билан ҳисобни очди, иккинчи бўлим охирида унга Луис Суарес жавоб қайтарди - 1:1. Бу ўринда Эрнесто Вальверденинг тактик ўзгартиришлари фойда берганини кўриш мумкин, у майдонга ташлаган Сержи Роберто қулай тарзда ошириб берган тўпни Суарес дарвоза тўрига жойлади.
Ўйиндаги қуйидаги ҳолат ижтимоий тармоқларда кулгига сабаб бўлди. Ушбу суратда «матрасчилар» жамоаси футболчилари жарима зарбаси ижро этаётган Месси қаршисида.

«Атлетико» янги стадионида илк марта ғалабага эриша олмади, «Барселона» илк марта очко йўқотди.

Эрнесто Вальверде ўз анъаналарини давом эттирди, каталонияликларнинг янги мураббийи ҳам Симеонени енга олмаяпти (4 дуранг, 6 мағлубият), Симеоне эса Испания чемпионати доирасидаги ўйинларда «Барселона»ни мағлуб этмаган (4 дуранг, 8 мағлубият).
Севильядаги муҳаббат ва нафрат

«Атлетико» ва «Барселона» ўйини тур ўйини бўлиши кутилганди, аммо бир кун кейин ўтказилган «Бетис» ва «Валенсия» учрашуви бу мақомни ўзиники қилди. Бу ўйинни «Бенито Вильямарин»даги ақлсизлик» ёки «Севильядаги отишма» ёки «Муҳаббат ва нафрат жангги» деб аташ ҳам мумкин эди. «Минг марта эшитгандан бир марта кўрган яхши». Айнан шу нақл бу ўйинга тўғри келади.
8-турнинг энг томошабоп ўйинида мухлислар 9та голга гувоҳ бўлишди, мезбонлар 5 дақиқада 3 гол уришсада йирик ҳисобда мағлуб бўлишди - 3:6.
Ўйиннинг 79-дақиқасида «Бетис» мухлиси телевизорни ўчириш мумкин эди, ҳисоб бу вақтда 0:4 кўринишига келганди, «Валенсия» икки бўлимда иккитадан гол уриб, ўйинни шу тарзда якунлаб қўйишга тайёрланаётганди. Аммо шу дақиқада «Бетис» уйғонди ва гол кетидан гол уришни бошлади. 5 дақиқа ўтиб ҳисоб 3:4 кўринишига келди. «Кўршапалаклар» жамоаси мураббийи Марселино инфаркт ёқасида қолганди, мезбонлар тўртинчи голни ҳам уриш учун кенг кўламли ҳужумга ўтганди. Аммо «Валенсия» қарши ҳужум уюштириб қолди ва Симоне Дзадза ишончли ҳаракат қилиб, ўйинни қутқарди - 5:3. Қўшимча дақиқалар ўтаётган вақтда яна бир гол урилди ва «Бетис» тўхтатилди.
Эътиборли жиҳати ушбу ўйинда урилган 9 голга 9 футболчи муаллифлик қилди. Бундай ҳодиса Испания чемпионатида илк бор 1949-50 йилги мавсумда кузатилган. Ўшанда «Эспаноль» - «Валенсия» (6:4) учрашувида 9 футболчи гол урганди. Ўтган мавсумда «Севилья» - «Эспаноль» (6:4) учрашувида ҳам худди шу ҳолат бўлган. Қайд этиш керакки, «Валенсия» дарвозабони Нету Серхио Леоннинг пенальтидан берган зарбасини қайтарди ва ўйинда 10 футболчи номи таблога ёзилишига йўл қўймади. Ла Лига тарихида бир ўйинда 10 футболчи томонидан гол урилиши ҳодисаси рўй бермаган.
Охирги марта «Валенсия» сафар ўйинида 6 гол уриши 2003-04 йилги мавсумда кузатилган. Ўшанда Эктор Купер бошчилигидаги жамоа «Малага»ни мағлуб этган (6:1).

Бу ғалабадан кейин Марселино шогирдлари чемпионатда мағлубиятсиз серияни давом эттирди ва турнир жадвалида иккинчи ўринга кўтарилди (18 очко). Кике Сетьена жамоаси уй учрашувларидаги мағлубиятсиз серияни тўхтатди (3 ғалаба, 1 дуранг) ва 13 очкоси билан тўққизинчи ўринга тушиб кетди.
Мадрид қироли қайтди

Зайнидин Зиданнинг «Реал» бошқарувидаги юзинчи ўйини - Zentario (испанчада centario - юз) рекордга айланди. «Қаймоқранглилар»нинг «Хетафе»га қарши ғалабали ўйини сафар ўйинларидаги қаторасига 13-ғалаба бўлди. Бу орқали Гвардиола даврида, 2009-10 ва 2010-11 йилги мавсумларда ўрнатилган рекордлар йўққа чиқарилди.
133 кун ўтиб, Кардифф финалидан буён илк марта Мадрид жамоасида Роналду ва Бензема жуфтлиги ҳаракат қилди. Португалиялик футболчи мавсум бошида 5 ўйинга дисквалификация қилинганди, франциялик футболчи эса мавсумнинг илк ўйинларини ва охирги турларни жароҳат туфайли ўтказиб юборганди. Бензема «Реал» сафида «Хетафе»га қарши ўйинларда омадли ўйнаган, 12 ўйинда 7 гол урган. Мадриддан жанубдаги ҳудуд жамоаси Роналду учун ҳам қулай рақиб. У ушбу жамоа дарвозасини шу вақтгача 20 марта ишғол қилган. Фақат «Севилья»га бундан кўп гол урган (23).
Айнан шу икки футболчи ўйин тақдирини ҳал қилди. Аввалига Бензема ҳисобни очди. Роналду ўйин охирида ғалаба голига муаллифлик қилди. Қайд этиш керакки, бу Роналдунинг Испания чемпионатининг жорий мавсумидаги илк голи бўлди. У шу вақтгача 4 учрашувда қатнашган, 28 марта зарба берган ва битта ҳам гол ура олмаганди. Мадрид қироли ўз жимлигини тўхтатди ва «Барселона» билан орадаги фарқ 7тадан 5тага камайди.
«Хетафе» мавсумни жуда омадсиз ўтказмоқда. Жамоа ўйинларнинг охирги дақиқаларида гол ўтказиб юбормоқда. Масалан, ўйин 90 дақиқа эмас, 80 дақиқада тугаганида, Пепе Бордалас жамоаси 4 ўйинда мағлубиятга учрамас ва камида 4 очкога эга бўларди. «Севилья» бу жамоага 83-дақиқада ғалаба голини урганди, «Барселона» 84-дақиқада, «Депортиво» 87-дақиқада, «Реал» эса 85-дақиқада.
«Севилья» Бильбаода мағлуб бўлиб, иккинчи ўриндан тушиб кетди

«Атлетик» ва «Севилья» либосларида қизил ранг кўп, сариқ ранг йўқ. Лекин бу жамоаларнинг навбатдаги учрашувида жуда кўп сариқ карточка кўрсатилди - 11та (мезбонларга 6та, меҳмонларга 5та). Асосий огоҳлантиришлар ўйиннинг охирги қисмида кузатилди. «Атлетик» жарима майдончасида тортишув бошланди, футболчилар ўртасида оммавий жанжал юзага келишига бир бахя қолди. Андалусияликлар бу вақтда мезбонларни тўла қамалга олганди. Буни тўғри тушуниш мумкин, «Севилья» Бильбаода қаторасига саккизинчи марта 0:1 ҳисобида ютқазди. Мезбонлар дарвозабони Кепи Аррисабалаги шу куни жуда ишончли ўйнади ва жамоасининг 6 учрашувдан иборат ғалабасиз сериясини тўхтатди.
8-турнинг барча натижалари
«Эспаньол» - «Леванте» - 0:0
«Атлетик» - «Севилья» - 1:0 (1:0). Гол: Весга, 43.
«Хетафе» - «Реал» - 1:2 (0:1). Голлар: Бензема, 39 (0:1). Хорхе Молина, 56 (1:1). Криштиану Роналду, 85 (1:2).
«Алавес» - «Реал Сосьедад» - 0:2 (0:0). Голлар: Ойярсабаль, 77 (0:1). Элустондо, 81 (0:2).
«Атлетико» - «Барселона» - 1:1 (1:0). Голлар: Сауль, 21 (1:0). Л.Суарес, 82 (1:1).
«Эйбар» - «Депортиво» - 0:0
«Жирона» - «Вильярреал» - 1:2 (1:2). Голлар: Бакамбу, 9 (0:1). Бакамбу, 20 (0:2). Стуани, 40 (1:2).
«Малага» - «Леганес» - 0:2 (0:0). Голлар: Габриэл, 56 (0:1). Шимановски, 78 (0:2).
«Бетис» - «Валенсия» - 3:6 (0:2). Голы: Кондогбья, 35 (0:1). Гонсалу Гедеш, 45 (0:2). Родриго, 64 (0:3). Мина, 74 (0:4). Кэмпбелл, 79 (1:4). Санабрия, 80 (2:4). Тельо, 84 (3:4). Дзадза, 88 (3:5). Перейра, 90+3 (3:6).
Турнир жадвали

Мавзуга оид
11:07 / 28.06.2026
ЖЧ кундалиги. Месси яна гол урди, Роналду яна сояда қолди, Эрон гуруҳда қолиб кетди
09:46 / 24.06.2026
ЖЧда 13-кун. Роналдуда рекорд, Ҳусановнинг кўз ёши ва «жодуланган» Кейн
22:52 / 23.06.2026
Роналду тарихда биринчи бўлиб 6 та жаҳон чемпионатида гол урди
12:38 / 21.06.2026