ЖЧ кундалиги. Месси яна гол урди, Роналду яна сояда қолди, Эрон гуруҳда қолиб кетди
|16:07 / 28.06.202616 94911 мин
Гуруҳ босқичи якунланди. Ўзбекистоннинг мағлубияти Жанубий Корея ва Эронни ҳам гуруҳда қолдирди; Эронликлар эса сўнгги дақиқаларгача Австрия ва Жазоир ўйини натижасига қараб, имконият сақлаб туришганди, аммо якунда барибир турнирни тарк этадиган бўлишди.
2026 йилги жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичи расман якунланди. 28 июнга ўтар кечаси J, K ва L гуруҳларида сўнгги учрашувлар бўлиб ўтди. Жазоир ва Австрия ёрқин кечган ўйинда дурангга имзо чекишди (3:3), Аргентина иккинчи таркиби билан Иорданияни мағлубиятга учратди (3:1), Португалия Колумбия дарвозасига йўл тополмади (0:0), Ўзбекистон Конго ДР билан ўйинда ютқазиб, турнирни тарк этди (1:3), Англия Панамадан (2:0), Хорватия – Ганадан (2:1) устун келди.
Учинчи тур олдидан J гуруҳида иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаб турган Австрия ва Жазоир ўртасидаги ўйинда дуранг икки жамоани ҳам плей-оффга олиб чиқиши маълум эди. Бундай ҳолат бу сафарги жаҳон чемпионатида янгилик эмас – аввалроқ D квартетида Парагвай ва Австралия, F гуруҳида Япония ва Швеция шундай ҳолатда қолганди. Якунда ушбу жамоаларнинг ўзаро ўйинларида дуранг ҳисоблар қайд этилганди.
Шу билан бирга, жазоирликлар ва австрияликларни «келишилган» ўйинда айблаб бўлмайди. Жамоалар илк дақиқалардан ҳужумкор ўйин намойиш этишди ва биринчи бўлимда биттадан гол уришди. Иккинчи бўлимда Австрия яна ҳисобда олдинга чиқиб олди – бундай ҳисоб гуруҳлардаги учинчи ўрин эгалари орасида саккизликни ёпиб турган Эрон учун фойдали эди. Аммо шундан кейин Маҳрез ҳисобни тенглаштирди ва сўнгги дақиқаларгача эронликлар саккизликдан ташқарида турди. Қўшимча бўлимларда ушбу футболчи дублни расмийлаштирди ва энди эронликлар Африка вакилларига мухлислик қила бошлади – бу ҳисоб энди Австрияни учинчи ўрин эгалари рейтингида Эрондан пастга тушириб юборганди. Аммо осиёликларнинг қувончи узоққа чўзилмади ва Австрия барибир ҳисобни тенглаштирди. Натижада Эрон учинчи ўрин эгалари рейтингида яна тўққизинчи ўринга тушиб кетди ва мундиални тарк этди.
Иккинчи ўрин билан плей-оффга чиққан Австрияни энди Испанияга қарши ўйин кутмоқда. Жазоир эса 1/16 финалда Швейцария билан ўйнайди.
Аргентина гуруҳ масаласини муддатидан олдинроқ ҳал қилиб қўйганди ва мураббийлар штаби Иорданияга қарши ўйинда жиддий ротация амалга оширди, жумладан, олдинги икки ўйинда беш гол урган Лионел Месси ҳам захирада қолдирилди.
«Албиселесте» иккинчи таркиби билан ҳам иорданияликлардан бир бош устунлигини намойиш этди ва биринчи бўлимни 2:0 ҳисобидаги устунлик билан якунлади. Танаффусдан кейин Иордания битта жавоб голи қайтарди, шундан беш дақиқа ўтиб Лионел Скалони барибир Мессини майдонга туширишга қарор қилди.
39 ёшли форвард ўзига берилган дақиқалардан унумли фойдаланди ва 80-дақиқада жарима зарбасини голга айлантириб, ўйиннинг якуний ҳисобини ўрнатди – 3:1.
Бу Лео учун жорий мундиалдаги олтинчи, жами 19-гол бўлди – аргентиналик юлдуз ҳамон ажойиб формада. Аргентинанинг плей-оффдаги рақиби олдинроқ маълум бўлганди – бу Кабо-Верде. Иордания эса гуруҳдаги барча ўйинларда ютқазган ҳолда турнирни тарк этадиган бўлди.
Мессидан фарқли равишда, унинг азалий рақобатчиси Криштиану Роналду яна нурсиз ўйин ўтказди. Унинг бошчилигидаги Португалия турнир стартида Конго ДР билан ўйинда ҳам муваффақиятсизликка учраган (1:1), аммо кейин Ўзбекистонни йирик ҳисобда тор-мор этганди (5:0). Криш ўша ўйинда дублни расмийлаштирган ва ўйиндан кейин камерага қараб «Мен қайтдим!» дея ҳайқирганди.
Аммо Роналду энди бу сўзлари учун яна маломатга қолмоқда –
Колумбияга қарши сўнгги тур учрашувини португаллар жуда нурсиз ўтказишди, жамоа сардори ҳам ўйинда йўқолиб қолди. Лотин Америкаси вакиллари эса тетикроқ кўринишди, кўпроқ ҳужум қилишди ва кўпроқ зарба беришди (жами зарбалар сони бўйича 24:13, дарвоза соҳасига тўғри борган зарбалар бўйича 6:2). Якунда икки жамоа ҳам гол уролмади – 0:0.
Иккинчи дуранг туфайли Роналду ва жамоадошлари гуруҳда иккинчи ўринни эгаллади ва плей-оффда қийналадиган бўлди. 1/16 финалда жамоани дастлаб Хорватия билан ўйин кутмоқда, бу жамоа тўсиғидан ўтилган тақдирда ҳам кейинги эҳтимолий рақиблар қаторида Испания ва Франция каби номлар бор. Шу билан бирга, Португалия ва Аргентинанинг йўллари финалгача кесишмайди – агар португаллар гуруҳда биринчи ўринни эгаллаганида, барчаси бошқача кечиши мумкин эди.
Ушбу гуруҳнинг параллел учрашувида Конго ДР ва Ўзбекистон учинчи ўрин учун баҳс олиб боришди. Фабио Каннаваро дастлабки икки ўйинда ютқазган, аммо назарий жиҳатдан плей-офф учун имконият сақлаб қолганди. Бунинг учун осиёликлар ўз ўйинида имкон қадар йирик (7 тўп фарқи билан) ҳисобда ғалаба қозониши ва бошқа гуруҳлардаги натижаларга қараши керак бўларди. Африкаликларни эса ҳар қандай ҳисобдаги ғалаба қониқтирарди ва жамоа 4 очко билан кейинги босқичга чиқиши аниқ эди.
Ўйинда ҳисобни Ўзбекистон очди – 10-дақиқадаёқ Элдор Шомуродов турнир гуруҳ босқичидаги энг чиройли голлардан бирини урди. Иккинчи бўлимда эса Каннаваро шогирдлари буткул ҳимояга ётиб олишди, аммо ҳисобдаги устунликни сақлаб қола олишмади. Аввалига Ҳусанов пеналтига сабабчи бўлди ва Висса мувозанатни тиклади. Бироз ўтиб рақибнинг Ҳусанов қўриқлаши керак бўлган ҳужумчиси осонлик билан иккинчи голни урди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса ўзбекистонликлар жарима майдонида юзага келган парокандаликдан фойдаланган Висса дублни расмийлаштирди – 3:1.
Энди конголиклар кейинги босқичда Англия билан ўйнайди. Ўзбекистон эса турнирни учта мағлубият ва ўтказилган 11 та гол билан якунлади – бу 2026 йилги мундиалнинг энг ёмон кўрсаткичларидан бири. Қолаверса, бу ўйинда Конго очко йўқотишига умид қилган Жанубий Корея эса уч очкоси билан гуруҳда қолиб кетди.
Англия миллий жамоаси биринчи турда Хорватияга қарши ёрқин ўйин кўрсатиб, ишончли ғалабага эришганди (4:2) ва жамоа мухлислари Гарет Саутгейт бошқаруви давридаги зерикарли ўйинлар ортда қолгани ҳақида ўйлай бошлашди. Аммо бу алдамчи ҳиссиёт бўлиб чиқди – иккинчи турда Ганага қарши кечган ўйинда британлар голсиз дурангга имзо чекишди.
Панамага қарши ўйинда Томас Тухел шогирдлари яна бир бор ўзининг ҳақиқий кучини намойиш этиш талаб этилаётганди. Лекин ўйиннинг биринчи бўлими яна мухлислар ҳафсаласини пир қилди. Ўйин «Уч шерлар» устунлиги остида ўтган бўлса-да, рақиб бир соатдан ортиқ вақт давомида имкон бермади. Фақат шундан кейин савия ўз сўзини айтди: Жуд Беллингҳэм ва Ҳарри Кейн беш дақиқа ичида икки гол уриб, Англияга ишончли ғалаба тақдим этди.
Энди инглизларни кейинги босқични Конго ДР билан ўйин кутмоқда. Панама эса турнирни бирорта очко қўлга киритмаган ҳолда тарк этди.
Дастлабки турда Англиядан тўртта гол ўтказганига қарамай, хорватлар ўша ўйинда муносиб қаршилик кўрсатганди. Панамага қарши ўйин эса нурсиз кечганига қарамай, муҳим очколар қўлга киритилди (1:0). Плей-офф йўлланмаси учун учинчи турда Гана билан ўйинда камида битта очко қўлга киритилиши кифоя эди.
Хорватлар биринчи бўлиб қадам ташлашди ва Петар Сучич биринчи бўлимдаёқ ҳисобни очди. Иккинчи бўлим ўрталарида эса Деррек Люккассен мувозанатни тиклади, аммо бу ҳисоб ҳам узоқ сақланиб қолмади – бир неча дақиқа ўтиб Златко Далич шогирдлари ғалаба голини уришди.
Европаликлар L гуруҳида иккинчи ўрин билан 1/16 финалга чиқишди ва плей-оффда Португалия билан ўйнайдиган бўлди. Ганага эса 4 очко учинчи ўрин эгалари орасида саккизликка кириш учун етарли бўлди – навбатдаги рақиб Колумбия бўлади.