Жаҳон | 21:34 / 18.10.2017
20711
2 дақиқада ўқилади

Собчак 2018 йилдаги президентлик сайловларида қатнашишини маълум қилди

Фото: Евгений Одиноков/РИА «Новости»

Ксения Собчак 2018 йилда Россия Федерацияси президенти сайловларида иштирок этиши тўғрисида маълум қилди. Унинг жамоасига қўшилишни истаганларга ўзининг расмий сайтида рўйхатдан ўтишни таклиф қилди.

Собчак ўз баёнотида Россияда ниманидир ўзгартиришга ҳаракат қилиш зарурлиги ва ўз овозини етказиш зарурлигини айтди.

"Акс ҳолда Навальний ва бошқа мустақил сиёсатчилар қамоқда ўтираверади, акс ҳолда ҳеч нарса ўзгармайди", - деди телебошловчи.

Аксарият бу сайловларга бойкот эълон қилишни таклиф қилмоқда. Умуман ҳеч қаерга бормаслик ҳам мумкин: номзодларнинг бари аллақачон жонга теккан, ҳақиқийлари эса сайловгача қўйилмаса, боришдан қандай наф?!

"Агар бормасангиз, сизга барибир эмаслигини қандай тушуниш мумкин? Сизнинг овозингиз эшитилиши учун нима қилиш керак?"

Ксения Собчак, телебошловчи

Собчакнинг қўшимча қилишича, сайлов бюллетенидан "ҳаммага қарши" бўлими олиб ташланган, у эса сайловлардаги иштироки билан уни қайтармоқчи.

"Биз биргаликда жуда кучлимиз. Улар қандай ваъда беришмасин, нимага ён босишмасин, биз қарши чиқамиз. Уларга қарши. Ҳаммага қарши".

Ксения Собчак, телебошловчи

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков телебошловчи Ксения Собчакнинг президент сайловларидаги иштирокини қуйидагича изоҳлади:

"У сиёсатни кўзлаётган бўлса, ўйлашимча, нолдан тажриба тўплашига тўғри келади. Сиёсат журналистика ва шоу-бизнесдан фарқ қилади, бу мутлақо бегона субстанция. Сиёсат одамларнинг иродасини кўзда тутади. Агар Ксюша халқнинг иродасига қулоқ тутиб, унга жавоб беришга тайёр бўлса, сиёсатда ўзини синаш имконига эга бўлади", - деди у. Шунингдек Песков Собчак Конституциянинг тегишли бандига тўлиқ тўғри келишини айтиб, уни "истеъдодли инсон" деб атаган.

Мавзуга оид