«Трибуна» чоршанба оқшомида бўлиб ўтган Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 3-тур учрашувларини сарҳисоб қилади.

Рэшфорд - Шевченкоми ёки Рональдино

А гуруҳи
«Бенфика» - «Манчестер Юнайтед» 0:1
Гол: Рэфшфорд, 64

Португалия «бургутлари» учинчи ўйинда ҳам мухлисларини ранжитди. Лиссабонда «МЮ»га қарши ўйнаган жамоа яхши ҳимояланди, аммо Маркус Рэшфорд турнирда майдонга тушган энг ёш дарвозабонни йиғлатди. Унинг жарима зарбасини ушлаган дарвозабон, тўп билан бирга дарвоза ичкарисига кириб кетди - 0:1.

Рэшфорд бу зарбаси орқали бир вақтнинг ўзида Шевченконинг 1999 йили Филимонов дарвозасига урган голини ва Роналдиньо 2002 йили Дэвид Симэнга урган голини эслатиб юборди.

Ўйин охирида 18 ёшида Чемпионлар лигасида ўйин ўтказган ва тарихга кирган Миле Свиларни «МЮ» футболчилари Ромелу Лукаку ва Дэвид де Хеа юпатишди.

Бу натижадан кейин «Бенфика»да гуруҳдан чиқиш учун амалда имконият қолмади, жамоаси 3 ўйинда 3 ғалабага эришган Жозе Моуриньо эса барчасидан рози.


ЦСКА - фақат ноль

ЦСКА – Базель – 0:2 (0:1)
Голлар: Чака, 29 – 0:1. Оберлин (Чака), 90 – 0:2.

Бир кун олдин «Севилья»ни йирик ҳисобда мағлуб этиб «Спартак» россиялик мухлисларни қанчалик хушнуд қилган бўлса, «Базель»га қарши ўйинда ҳеч нарса қила олмаган ЦСКА уларни шу қадар ранжитди. 

Москваликлар жамоаси бу ўйинда жуда ёмон ҳимояланишди, иккита гол ўтказиб юборилди, шу билан бирга ҳужумда жуда ёмон ҳаракат қилишди - рақиб дарвозаси томон бирон марта аниқ зарба йўлланмади. Энди ЦСКА Европа Лигаси йўлланмаси учун «Бенфика» билан рақобатлашади.