Жаҳон | 17:00 / 19.10.2017
5270
2 дақиқада ўқилади

Остонада Сурия бўйича музокаралар санаси маълум

Фото: Reuters

30-31 октябрь кунлари Остона шаҳрида Остона жараёни доирасида Сурия бўйича тинч музокараларнинг навбатдаги босқичи бўлиб ўтади, унинг давомида асирлар, маҳбусларни озод қилиш, ҳалок бўлганлар жасадларини бериш ва бедарак йўқолганларни қидириш бўйича ишчи гуруҳи тўғрисидаги низомни тасдиқлаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Қозоғистон ТИВ хабарида айтилишича, кафил-давлатлар - Россия, Туркия ва Эрон – халқаро терроризм билан кураш масалаларини кўриб чиқиш ҳамда Сурияда гуманитар минасизлантириш бўйича қўшма баёнотни қабул қилиш ниятида. Балки «томонларни қизиқтирган бошқа масалалар» бўйича ҳам муҳокамалар ўтказилади, дея таъкидланади матбуот хизмати хабарида.

Сурия бўйича музокараларнинг олдинги, ҳисоб бўйича олтинчи раунди Остонада 14-15 сентябрь кунлари бўлиб ўтганди. Унда иштирокчилар Идлиб вилоятида хавфсизлик зоналарини яратиш ҳақида эълон қилишди. Сурия мухолифати эса Эронни Суриядаги кескинликдан холи ҳудудларда хавфсизликни таъминловчи кафил сифатида қабул қилишдан бош тортишини маълум қилган.

4 май куни кафил-давлатлар томонидан қабул қилинган меморандумга кўра, Россия ташаббуси билан ташкил қилинган «кескинликдан холи ҳудудлар» Шарқий Ғута, Ҳомс вилояти шимолидаги қатор туманлар, Латақия, Ҳама ва Ҳалаб вилоятлари қисмларида ҳамда Сурия жанубидаги баъзи туманларда жойлашган.

Россия, Туркия ва Эрон Остонадаги Сурия бўйича музокаралар ҳомийларидир, у Женевада БМТ воситачилигидаги музокаралардан алоҳида ўтказилмоқда. Россия ва Эрон Суриядаги олти йиллик ва 330 минг инсон ҳаётига зомин бўлган фуқаролик урушида Сурия президенти Башар Асад режимини қўллаб-қувватламоқда. Туркия ҳамда Қўшма Штатлар эса турли исёнчи гуруҳларга яқин позицияда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид