Бағдод Киркук устидан назоратни тўлиқ қайтариб олди
Ироқ кучлари 20 октябрда уч соатлик жангдан кейин курдларнинг пешмерга жангчиларини Киркук вилоятининг улар назоратидаги охирги тумани – Алтун-Кўпридан сиқиб чиқардилар. Бу ҳақда Ироқ хавфсизлик кучларидаги манба маълум қилди.
Ироқнинг аксилтеррорчилик хизмати, федерал полиция ва Эрон томондан қўллаб-қувватланувчи Халқ сафарбар кучларидан иборат кучлар Алтун-Кўприга маҳаллий вақт билан соат 7.30да ҳужум бошлашган.
Пешмерга жангчилари Заб дарёси бўйида жойлашган шаҳарни ироқлик ҳарбийлар билан жанглардан кейин тарк этишган. Жанглар давомида пулемётлар, миномётлар ва реактив гранаталар қўлланган.
Бунгача Ироқ марказий ҳукумати кучларининг Киркукдаги ҳужуми курд айирмачи кучлари томондан қаршиликка учрамаганди.
Бу вазият Ироқ шимолидаги кучлар балансини ўзгартирди ва курдларнинг мустақилликка эришишга уринишлари ва нефтга бой Киркук устидан назоратини йўққа чиқариши мумкин.
16 октябрда Киркукка қилинган ҳужум давомида ўнлаб одамлар ҳалок бўлганди ва жароҳат олганди.
Ироқ кучлари курдлар томондан 2014 йилда ИШИДга қарши кураш вақтида эгалланган, Курдистон мухторияти ташқарисидаги ҳудудлар устидан назоратни тиклашга ҳаракат қилмоқда.
Ироқ шиаларининг диний раҳнамоси оятуллоҳ Али Ал-Систоний 20 октябрь, жума куни ҳукуматни Ироқ шимолидаги курдларни ҳимоя қилишга чақирган.
Ўн минглаб курдлар Киркук ва Туз-Ҳурматдан Курдистоннинг иккита бош шаҳри – Эрбил ва Сулаймонияга қочишган.
БМТ 19 октябрда курдларнинг зўравонлик билан кўчирилиши ва уларга қарашли уйлар ва корхоналарнинг вайрон қилиниши ҳақидаги хабарлардан хавотир билдирган.
Ироқ конституциясига кўра, курдлар Ироқ шимолидаги учта тоғли вилоятда бошқарув ва нефтдан олинадиган умумий даромаддан қатъий ўрнатилган даромад олиш ҳуқуқига эга. Ироқнинг қолган қисми уруш гирдобида қолган бир вақтда, нефтдан олинадиган даромад ушбу вилоятларнинг фаровонлигини таъминлаган.
Киркук Ироқ Курдистони ташқарисида бўлса ҳам, кўплаб курдлар уни тарихий ватанларининг маркази ва бу ерда олинувчи нефтни уларга тегишли деб ҳисоблайдилар.
Мавзуга оид
09:20 / 31.10.2024
Ироқ ўз ҳаво ҳудуди Исроил томонидан бузилгани юзасидан БМТга шикоят қилди
12:10 / 28.10.2024
Туркия ҲҲК Ироқ шимолидаги 34 та объектни йўқ қилди
11:00 / 23.10.2024
Ироқ: Ғазо ва Ливандаги уруш бошқа минтақаларда янги можароларга олиб келиши мумкин
23:04 / 02.10.2024