Жаҳон | 12:35 / 21.10.2017
16108
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Трамп Кеннедининг ўлимига оид баъзи махфий ҳужжатларни яширмоқчи

Октябрь ойи охирида АҚШ собиқ президенти Жон Кеннедининг ўлдирилиши иши бўйича ҳужжатлар архивига қўйилган 25 йиллик махфийлик муддати тугайди. Politico манбаларининг фикрича, Дональд Трамп бу архивдан барча ҳужжатларни эълон қилишдан бош тортмоқчи.

Дональд Трамп маъмурияти АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннедининг ўлдирилиши бўйича тўлиқ ҳужжатлар архивининг эълон қилинишига халақит бермоқчи. Улар, қонунга кўра, 2017 йилнинг 26 октябрь куни ошкор қилиниши лозим, дея ёзади Politico нашри вазиятдан хабардор манбаларга асосан.

Бу ҳужжатларни эълон қилишга 25 йиллик тақиқ қўйиш тўғрисидаги қонун Конгресс томонидан 1992 йилда, катта Жорж Буш президентлиги вақтида қабул қилинган.

Ўшанда махсус комиссия алоҳида архивлардан ҳужжатларни йиғди ва миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан улар яна 25 йил махфий бўлиши лозимлигини тавсия қилган.

Бироқ бу архивга комиссиянинг иш вақти, 1990-йилларга тегишли бўлган ҳужжатларнинг юзлаб саҳифалари ҳам кирган. Нашр манбаси сўзларига кўра, Оқ уйдагиларнинг фикрича, улар эълон қилинса, миллий хавфсизликка зиён келтириши мумкин. Уларда 90-йилларда ўтказилган разведка амалиётлари ҳақида сўз юритилади ҳамда Трамп бу ҳужжатларни эълон қилишдан бош тортиши мумкин.

Нашр гап қанча маълумотлар ҳажми ҳақида кетаётганига ойдинлик киритмаган. Архивдаги маълумотларнинг аксарияти ўтган асрнинг 60- ва 70-йилларида яратилган ҳамда улар, афтидан, илк бора тўла ҳажмда эълон қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Жон Фицжеральд Кеннеди 1963 йилнинг 22 ноябрь куни, Техас штатидаги Даллас шаҳрида мерган милтиғидан ўққа тутилган. Эртаси куни «Американинг энг суюкли президенти» олган жароҳатлари туфайли ҳаётдан кўз юмган, президентнинг ўлдирилиши бўйича тергов ишларини олиб борган махсус комиссия эса Кеннеди мерган Ли Ҳарви Освальднинг қурбони бўлгани ҳақидаги хулосага келган. Унинг устидан суд ўтказилмаган, сабаби Освальд Кеннедининг ўлимидан икки кун ўтиб ўлдирилган: полиция бошқармасидан округ қамоқхонасида олиб ўтиш чоғида уни тунги клуб эгаси Жек Руби отиб ташлаган.

Мавзуга оид