Иқтисодиёт | 08:21 / 24.10.2017
10781
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдан қарийб 500 тонна узум экспорти чиқарилди

Маълумки, ҳукумат томонидан кичик бизнес ва ҳусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кенг имконият ва қулайликлар яратилмоқда. Натижада ички бозорларга маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган, сифатли ва арзон маҳсулотлар етказиб берилмоқда. Қувонарлиси, ички бозорлардан ортган маҳсулотлар дунёнинг бир неча давлатларига экспорт қилинмоқда.   

Рақамларга кўра, жорий йилнинг ўтган даврида Қашқадарё вилояти тадбиркорлари томонидан чет давлатларга 136 миллион АҚШ долларидан зиёд маҳсулотлар экспорт асосида етказиб берилган. Шундан 13,6 миллион АҚШ долларини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташкил этади.

Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, айни кунда ҳам воҳада етиштирилган узум, хурмо, шафтоли каби сархил ва ҳуштам мевалар экспорти авжида. Мисол учун, жорий йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида 495 тонна узум маҳсулотининг экспортига эришилди. Мазкур маҳсулотларни экспортга етказиб беришда 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари иштирок этмоқда. 

Шундай корхоналардан бири “Шарофат Она Қахрамон Қизи” Агрофирмаси томонидан Россия Федерациясига 2000 тонна узум, хурмо ва лимон экспорт қилиниши мўлжалланган.

- Жорий йилнинг ўтган даврида россиялик ҳамкорларимизга 297 тоннадан зиёд узум маҳсулотини экспорт асосида етказиб бердик, - дейди “Шарофат Она Қахрамон Қизи” Агрофирмаси божхона ишлари бўйича масъул ходими Шерзод Шеров. - Божхона расмийлаштирувларини ўз иш жойимиздан, масофадан туриб электрон тарзда амалга оширяпмиз. Бу эса бизнинг қимматли вақтимизни ҳамда энг асосийси ортиқча сарф-харажатларни тежашимизга катта ёрдам беряпти.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид