Иккинчи жаҳон уруши даврида немислар қўлига асир тушиб, Жерси оролида тутқунликда бўлган ва жаҳаннам оролидан қочишга муваффақ бўлган Боқижон Акрамов асли Наманганданмас, балки Бухоро шаҳридан экани маълум бўлди. Kun.uz мухбири Бухоро ва ҳозирда унинг авлодлари яшаётган Қашқадарё вилоятида бўлиб, улар билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди, Боқижон Акрамовнинг урушдан ўзи билан олиб келган ноёб суратлари билан танишди.

Яқинда BBСʼда II жаҳон уруши даврида немис аскарлари қўлига асир тушиб, Франция ва Британия ўртасидаги Ла-Манш бўғозидаги Жерси оролида тутқунликда яшаган ўзбек аскари Боқижон Акрамов ҳақида хужжатли филм намойиш қилинди. Туннел ва бункерлар қуриш учун фойдаланилган аскар ажал оролидан 1943 йилнинг 27 апрелида қочиб кетишга муваффақ бўлади ва 3 ой давомида далаларда яшириниб юриб, картошка пўчоғи билан озиқланиб тирик қолади.

Жерси оролини қўриқлаётган немис аскари, 1940 йил / ФОТО: Atlantic-Press/ullstein bild via Getty ImagesAtlantic-Press/ullstein bild

Ўшанда маҳаллий фермерлардан бири – Ле Бретонлар оиласи ўз жонини хатарга қўйиб бўлса ҳам Боқижон Акрамовга уйидан бошпана бериб, унинг ҳаётини сақлаб қолади.

Боқижон Акрамовга бошпана берган Жон ва Филлис Ле Бретонлар / ФОТО: BBC

Ўзбекистонлик аскар оиладан инглиз тилини ўрганади, уруш тугагунича дала ишларида оилага ёрдам беради. Урушдан кейин Акрамов Ўзбекистонга қайтиб келади.

BBС мухбирлари Боқижон Акрамов асли наманганлик бўлгани ҳақида маълумотга дуч келишган. Шундан сўнг BBC мухбири Наманганда Боқижон Акрамовнинг невараси экани дея айтилган Шамсиддин Охунбоев ва унинг сингиллари билан учрашади. Наманганлик оила бобосининг ҳаётини сақлаб қолган фермернинг 90 ёшли қизи Дулси Ле Бретон билан видеомулоқот давомида кўз ёш ҳам тўкишади. Кекса Дулси хоним Наманганга таклиф қилинади.