Жамият | 12:10 / 25.10.2017
23443
2 дақиқада ўқилади

Миллий хавфсизлик хизмати вилоятларда валютафурушларни ушлашда давом этмоқда

Фото: KUN.UZ

Миллий хавфсизлик хизмати валюта «қора бозори»га қарши курашни давом эттирмоқда, унинг давомида хорижий пул маблағларининг ноқонуний сотувчиларини аниқлаш бўйича мунтазам рейдлар ўтказилмоқда, банк тизимидаги шубҳали транзакциялар мониторинг қилинмоқда ва аҳоли орасида профилактика ишлари ташкил этилмоқда.

Ушбу саъй-ҳаракатлар катта натижалар бермоқда. Мамлакат бўйлаб ўнлаб валютафурушлар ушланди. «Бозорда пул алмаштириш» тушунчасининг ўзи аста-секин йўқолмоқда. Қонунга риоя қиладиган одамларнинг аксарияти қулай ва хавфсиз шароитда банкларда валютани сотмоқда ҳамда сотиб олмоқда.

Яратилган шароитларга қарамасдан, мамлакатда ҳали ҳам ўз пулларини хавф остига қўядиган ва нафақат мижозларини «талайдиган», балки уларга сохта қоғоз пулларни ўтказишга уриниб кўрадиган валютафурушларга мурожаат қилаётганлар учраб турибди. Куни кеча МХХ тезкор ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари билан биргаликда бирданига беш нафар ноқонуний валютафурушни қўлга олдилар.

Хусусан, Наманган вилоятида 30 ёшли Бахтиёр Юсупов ва 44 ёшли Ҳакимжон Сатторовни мижозга 2400 АҚШ долларини 19 млн. 584 минг сўмга сотишга уриниш чоғида ашёвий далил билан ушлаш мақсадида махсус амалиёт ўтказилди.

Фарғона вилоятида тезкор ходимлар 37 ёшли Нодир Ўринов ва 26 ёшли Элёр Неъматовнинг фаолиятига 3000 долларни 24 млн. 150 минг сўмга сотиб олиш чоғида чек қўйдилар.

Нукусда махсус тадбирни ўтказиш пайтида 42 ёшли Темирбек Куламетов ашёвий далил билан қўлга олинди, у мижозга 1000 долларни 8,15 млн. сўмга ноқонуний равишда алмаштириб беришга уринган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент қўлга олинган шахсларга нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) бўйича жиноят ишлари қўзғатди. 

Мавзуга оид