Жаҳон | 20:05 / 25.10.2017
5794
2 дақиқада ўқилади

Швеция 2017 йил охиригача 23,5 мингга яқин қочқин қабул қилмоқчи

Фото: trend.az

Швеция миграция бошқармаси 25 октябрда ҳукуматга мамлакат 2017 йил охиригача қабул қиладиган қочқинлар сони бўйича прогнозни тақдим қилди. Дастлабки маълумотларга кўра, бу қиймат 23,5 минг қочқинни ташкил қилади. Ёзда берилган прогнозда бу қиймат 28 минг қочқин қилиб кўрсатилганди.       

"2017 йилда ҳаммаси бўлиб 80 минг ариза кўриб чиқамиз. Қарори ўтган йил чиқарилган ишлар билан бирга икки йилда 200 мингта ариза кўрилади", деб айтган бошқарма вакили Вероника Линдстранд Кант. Бундан ташқари, мутахассислар кейинги йилга ҳам дастлабки прогноз беришган. Бу прогнозга кўра, 2018 йилда қироллик 24 минг қочқин қабул қилиши мумкин.  

2015 йилда аҳолиси 9,8 млн лик қиролликка 163 минг қочқин келган. Бу аҳоли жон бошига ҳисоблаганда Европадаги энг юқори кўрсаткичдир. Ўтган йил июлидан муҳожирларни қабул қилиш қоидалари қатъийлаштирилган: доимий яшаш ўрнига вақтинчалик яшаш ҳуқуқи киритилган, қариндошлар билан бирлашиш қоидалари чекланган ва қироликка ўз қариндошларини олиб келмоқчи бўлган қочқинлар оладиган даромадлар қиймати оширилган. 2016 йил январда Швецияда мамлакатга келувчи поездлар, автобуслар ва денгиз паромлари йўловчиларининг ҳужжатлари текширилиши қайта қўлга қўйилди.

Мавзуга оид