19:50 / 27.10.2017
8410

«Электрон ҳукумат» тизимида хавфсизликни таъминлашга доир семинар бўлиб ўтди

Фото:mitc.uz

27 октябрь куни Тошкент шаҳрида "электрон ҳукумат" тизимида ахборот хавфсизлиги муаммолари ва уларнинг ечимларига бағишланган республика семинари ташкил қилинди. Тадбирда давлат бошқаруви органларининг бевосита мазкур йўналишга масъул 100 дан зиёд мутахассислари иштирок этишди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди. 

Республика семинари Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги,  UNICON.UZ маркази ҳамда Ўзбекистон радиотехника, электроника ва алоқа илмий-техника жамияти ҳамкорлигида ташкил қилинди.

Жамият ахборотлашуви, маълумот ва хизматларнинг, фаолиятнинг онлайн тармоққа кўчаётгани ўз ўрнида тизимлар ва маълумот базаларининг хавфсизлигини таъминлаш, меъёрий-ҳуқуқий базани бугунги электрон муносабатларга мувофиқлаштиришни тақозо қилади. Семинар бу йўналишда амалга ошириш зарур чора-тадбирларни, мавжуд муаммо ва камчиликларни мутахассислар билан ҳамкорликда муҳокама қилиш, уларнинг ечимларини излаш, стратегик мақсад ва таклифларни тўплашни мақсад қилган. 

Бир кунлик семинарда ахборот хавфсизлиги соҳасида тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, ахборот тизимлари ва ресурсларини ахборот хавфсизлиги ҳодисалари бўйича мониторинги, фаолиятни ҳимоя қилиш, ахборот тизимларини ҳимоялашнинг алгортимик моделлари, Марказий Осиёга таҳдид солаётган ахборот хуружлари, биометрик криптотизимларнинг муаммоларига бағишланган 15 та тақдимот тингланди.

Шунингдек, тадбирда давлат ва хўжалик бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг "ict.nis.uz" тизимидаги ахборот хавфсизлиги ҳолатининг 2017 йил III чорак натижалари эълон қилинди. 

Семинар якунида иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, тақдимотларда кўтарилган муаммо ва масалалар ечимига оид қарорлар қабул қилинди.

Top