Жаҳон | 17:50 / 27.10.2017
6221
2 дақиқада ўқилади

Италия кўмирдан бутунлай воз кечмоқчи

Фото: East News

Ғарбий Европа давлатлари аста-секин электр қувватининг «ифлос» манбаларидан воз кечиш бўйича катта мақсадларини эълон қилмоқдалар. Италия ҳам бу ҳаракатга қўшилди: иқтисодий ривожланиш вазири сўзларига кўра, 2025 йилга бориб мамлакат кўмирни ёқилғи сифатида ёқишни тўхтатади, деб хабар бермоқда Ars Techniсa.

Ҳозирги кунда Италияда умумий қуввати 8 ГВт бўлган бир қанча кўмир электрстанциялари мавжуд бўлиб, бу мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясидан 15 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, Италияда фақат битта кўмир кони мавжуд, ва истеъмол қилинаётган кўмирнинг 90% импорт ҳиссасига тўғри келади. Шундай қилиб, ушбу станцияларнинг ёпилиши Италияга Россия, Австралия, Америка Қўшма Штатлари ва Жанубий Африка каби ёқилғи экспортчиларига қараганда анча камроқ таъсир кўрсатади.

Мамлакатдаги энг йирик электр қуввати ишлаб чиқарувчи Enel компанияси кўмирдан босқичма-босқич воз кечишга ёрдам беради. Компания бутун дунё бўйлаб қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланадиган электрстанциялар (жумладан, АҚШдаги кўплаб лойиҳалар ҳам) қуришда тажрибага эга.

Италия ҳукумати жорий йилнинг майида кўмирдан 2030 йилга келиб воз кечишни режалаштирганди. Маҳаллий элект тармоқлари оператори - Terna вакилларининг маълум қилишича, кўмирдан мамлакат энерготизимини беқарорлаштирмасдан воз кечиш учун газ электрстанциялари қувватини камида 1 ГВт.га ошириш лозимдир. 2030 йилгача бу ишни уддалаш учун эса яна 2,4 ГВт. газ қуввати ҳамда Сардиния билан қўшимча энерготармоқ талаб этилади. Муддатларни яна беш йилга камайтириш янада кўпроқ сармояларга сабаб бўлади. 10 ноябрь куни Италия ҳукумати кўмирдан воз кечишнинг батафсил стратегиясини эълон қилиш ниятида.

Мавзуга оид