Ўзбекистон | 10:10
914
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик шифокорлар Италияда 5 минг еврогача маош олиши мумкин

Миграция агентлиги Ўзбекистонлик шифокорлар учун Италияда юқори даромадли иш имкониятини тақдим этмоқда. Дастур доирасида ҳар йили 150 нафаргача тиббиёт мутахассиси Сардиния ҳудудида иш билан таъминланиши режалаштирилган.

Маълум қилинишича, Миграция агентлиги Италиянинг Сардиния ҳудудидаги тиббиёт муассасалари учун ўзбекистонлик шифокорларни танлаб олиш дастурини амалга оширмоқда.

Лойиҳа доирасида педиатр, невролог, диабетолог, пулмонолог, гастроэнтеролог, шошилинч тиббий ёрдам шифокори ҳамда бошқа мутахассисликлар бўйича номзодлар кўриб чиқилади.

Номзодлар Италиянинг Перужа университети ҳамкорлигида ташкил этилган италян тили курсларида 7 ой давомида онлайн таълим олади. Курс харажатлари Миграция агентлиги томонидан қопланади ва ҳар бир тингловчи учун ойига 600 евро миқдорида маблағ ажратилади.

Тил курсини муваффақиятли якунлаган шифокорлар Италиянинг Сардиния ҳудудида иш бошлаш имкониятига эга бўлади. Бошланғич ойлик маош 3 500 еврогача этиб белгиланган.

Шунингдек, қўшимча иш соатлари ва тунги навбатчилик учун бериладиган устамалар ҳисобига ойлик даромад 4 000–5 000 еврогача ошиши мумкин.

Дастур иштирокчилари учун бир қатор ижтимоий кафолатлар ҳам назарда тутилган. Хусусан, турар жой харажатлари иш берувчи томонидан қопланади, тушлик билан таъминланади ҳамда тиббий суғурта расмийлаштирилади.

Номзодларга қўйиладиган асосий талаблар орасида олий тиббий маълумотга эга бўлиш муҳим ҳисобланади. Иш тажрибаси мажбурий эмас, аммо тажрибали мутахассисларга устуворлик берилади.

Дастурда иштирок этиш учун ёш чегараси 50 ёш этиб белгиланган бўлиб, 40 ёшгача бўлган номзодларга афзаллик берилади. Саралаш жараёни хорижда ишлаш платформасида резюме (CV) тўлдирган номзодлар орасидан амалга оширилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид