Ўзбекистон | 17:45 / 27.10.2017
8131
9 дақиқада ўқилади

«Миллий тикланиш» ДП фракцияси қонун ижодкорлиги фаолияти қай даража?

Фото: Миллий тикланиш

Бугун Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратов томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш юзасидан «Миллий тикланиш» демократик партиясининг чора-тадбирлар Дастури ижроси бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, Президентимиз мазкур видеоселектор йиғилишида парламент олдига ҳақиқий демократия мактаби, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиш вазифасини қўйдилар. Зеро, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини ошириш, унинг мамлакат ички ва ташқи сиёсатига оид муҳим вазифаларни ҳал этиш ҳамда ижро ҳокимияти фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш; қабул қилинаётган қонунларнинг амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига таъсирини кучайтиришга йўналтирган ҳолда қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш; сиёсий тизимни ривожлантириш, давлат ва жамият ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш масалалари белгиланган.

Бу – албатта, парламент аъзолари хусусан, «Миллий тикланиш» ДП фракцияси зиммасига муҳим вазифаларни юклайди. Фракция аъзоларининг масъулиятини оширади. Шундан келиб чиққан ҳолда, партия томонидан давлатимиз раҳбарининг парламент ва сиёсий партиялар вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар Дастури ишлаб чиқилди ва бугунги кунда у ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, мазкур Дастур ижросини таъминлашда барча даражадаги партия ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан бир қаторда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» ДП фракцияси аъзоларининг фаолиятлари тубдан такомиллаштирилди, ташаббуслари ва амалий ишлар миқёси ўсди. 

Фото: Миллий тикланиш

Хусусан, «Миллий тикланиш» ДП фракцияси ўзининг қонун ижодкорлиги фаолиятига алоҳида эътибор қаратди. Фракция йиғилишларида 88 та қонун лойиҳаси биринчи ва кейинги ўқишларда муҳокама этилди. Мазкур қонун лойиҳалари бўйича фракция аъзолари томонидан партия дастурий мақсадлари асосида 400 ортиқ таклифлар ишлаб чиқилди ва масъул қўмиталарга тақдим этилди. Уларнинг 321 таси қонунларда ўз аксини топди. 27 та қонун лойиҳаси бевосита фракция аъзолари иштирокида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида партия Сайловолди платформасида белгиланган вазифалар асосида тайёрланди. Бу борада фракция аъзолари томонидан Конституциямизнинг 80, 93, 108 ва 109-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, «Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги, Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги ва бошқа қонунлар лойиҳалари тайёрланди. Шу жумладан, 2 та қонун лойиҳаси алоҳида фракция аъзолари, депутатлари томонидан тайёрланди ва биринчи ўқишда қабул қилиниб, иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Ундан ташқари, 2 та қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритиш арафасида турибди.

Фракциянинг 45 та йиғилиши ўтказилиб, унда жами 110 та масала кўриб чиқилди. Йиғилишларда, биринчи ўқишда 88 та қонун лойиҳаси, иккинчи ўқишда 57 та қонун лойиҳаси, шунингдек 5 та ҳисобот муҳокама этилди. Президентимизнинг Фармон, Қарор ва маърузаларидан келиб чиқадиган партия ва унинг фракцияси олдидаги устувор вазифаларга оид 32 та масалалар, фракция фаолиятига доир 12 та, депутатлар томонидан ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиш натижаларига оид 6 та ҳамда 46 та бошқа масалалар муҳокама қилиниб, қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 июлдаги маърузаларида ёшлар қонунларни қабул қилиш жараёнларини, партиялараро рақобат ва тортишувлар асосида ўтадиган мажлисларни ўз кўзи билан кўриши, депутатлар билан мулоқот қилиши учун шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг тавсиясига асосан ҳамда партиянинг «Ёшлар қаноти»дан фаол, аълочи, ташаббускор 200 га яқин ёшлар фракция йиғилишларида иштирок этдилар ва депутатлар билан суҳбатлар ўтказишди.

Маърузадаги яна бир муҳим вазифалардан бири, Президентимиз томонидан белгилаб берилган Маданият вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини амалга ошириш мақсадида ушбу вазирлик ва қўмита билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Партия Марказий кенгаши ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ўртасида ҳамда Маданият вазирилиги билан меморандум имзоланди. Ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режалари тасдиқланди. Бугунги кунда режалар ижроси таъминланмоқда. 

Фото: Миллий тикланиш

Шунингдек, фракциянинг назорат-таҳлил фаолияти доирасида Давлат дастурлари ижроси, вазирлик ва мутасадди ташкилотларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқиладиган ҳисоботлари юзасидан 4 маротаба фракция йиғилиши ўтказилди. Жумладан, «Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2016 йил ва 2017 йилнинг I-чораги ҳамда ярим йилликдаги ижроси тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг ҳисоботлари эшитилди.

Бундан ташқари, фракция аъзолари томонидан Президентимизнинг Олий Мажлис палаталарининг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётига дахлдор энг долзарб масалаларни ҳал этиш борасидаги ташаббускорлигини ошириш хусусан, Қонунчилик палатаси соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотларни амалга оширишда мавжуд вазиятни яхшилашга бош-қош бўлиш вазифасидан келиб чиқиб айрим соғлиқни сақлаш муассасаларида дори воситалари ва тиббий буюмлар етишмаслиги, ушбу муассасалар малакали кадрлар билан таъминланмаганлиги, биноларнинг талабга жавоб бермаслиги каби муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ҳудудлардаги тиббиёт масканлари ўрганилди. Аниқланган муаммолар ва уларни ечимлари бўйича маълумот тайёрланиб, Соғлиқни сақлаш вазирига тақдим этилди ва ижроси назоратга олинди.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни тубдан кучайтириш, уларнинг ҳар бирини имкон қадар партия иштирокида кўриб чиқиб, ҳал қилинишини таъминлаш мақсадида 79 та давлат органлари, 532 та тадбиркорлик субъектлари, 310 та ижтимоий соҳа объектлари, 202 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда 4 129 та хонадон, жами 5 252 та объектлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат ўрганилиб, ушбу жараёнларга 57 мингга яқин аҳоли билан уйма-уй юриб, мулоқотлар ўтказилди. Ўрганиш ва мулоқотлар давомида аҳоли томонидан асосан, уй-жой, коммунал (1 234 та), аҳоли бандлиги (1 124 та), таълим (1 063 та), тиббий хизмат (1 024 та), савдо ва маиший хизмат (970 та), банк кредит (767 та), пенсия, нафақа таъминоти (809 та) каби долзарб масалалар кўтарилди.

Мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича тегишли ташкилотларга 72 та депутатлик сўрови юборилиб, 53 та (74 %) масала ижобий ҳал этилган, 8 таси масъул вазирлик идораларда ўрганилмоқда ва қолган 11 таси жойлардаги ҳудудий дастурларнинг 2018 йилга киритилиши билан боғлиқ бўлиб мутасадди ташкилотларга таклифлар киритилган. Бундан ташқари, 2017 йилнинг 9 ойи мобайнида парламент ва партия сайтига, Қонунчилик палатасига фуқаролардан ва юридик шахслардан фракция аъзоларига, 1 138 та ёзма мурожаатлар келиб тушган бўлиб, тегишлилиги бўйича вазирлик ва ташкилотларга юборилди ва 1 014 таси (89 %) ижобий ҳал этилди ҳамда ижроси назоратга олинди.

Фракция аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Қонунчилик палатасида қабул қилинган қонунларнинг ва муҳокамадаги қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳияти, аҳоли билан учрашувлар, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолатни ўрганиш натижалари ҳамда партия ғоя ва мақсадлари, фракция ва унинг аъзолари томонидан партия электорати манфаатлари ва фуқаролар ҳуқуқларини қонун билан ҳимоялаш борасидаги фаолиятини кенг оммага етказишга қаратилган 3 273 та материал эълон қилинди. Жумладан, босма ОАВларда – 781 та, электрон (расмий веб-сайтларда) – 628 та, телевиденияда – 367 та, радиода – 428 та, ижтимоий тармоқларда 1 056 та, китоб ва тўпламларда 13 та чиқиш амалга оширилди. Шунингдек, бошқа партия ва фракциялари билан телевидение орқали 8 та дебатлар ўтказилди ҳамда электоратимизга партия позицияси етказилди.

Матбуот анжуманида фракция фаолияти юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларининг барча саволларига жавоб берилди.

Мавзуга оид