Иқтисодиёт | 17:14 / 28.10.2017
15648
4 дақиқада ўқилади

Яна биткоин ҳақида — у молиявий эҳромми?

Фото: Hurriyet

Сўнгги вақтларда Биткоин, виртуал пул, криптовалюталар ҳақида турли хабарлар пайдо бўлмоқда. Айниқса, Bitcoin қиймати жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бир неча марта ўсгани кўпчиликда ушбу валюта, умуман криптовалюталар бозорига нисбатан қизиқиш уйғотмоқда. Қуйида биткоинлар нима учун ишончли экани ҳақида 5 та сабаб билан танишишингиз мумкин. 

Молия бозорининг кўплаб экспертлари биргина биткоиннинг қисқа муддатда 1 минг доллардан 6 минг долларгача қимматлашишини молиявий пуфак аломати деб ҳисоблашмоқда. Қайд этиш жоизки, криптовалюталар қимматлашиш суръати сўнгги маротаба 1990-йиллар охирида доткомлар билан юз берган ҳолатга ўхшаб кетади. Аммо биткоиннинг пойдевори кўплаб интернет компанияларникига қараганда умуман бошқача ва келажаги ҳам порлоқ дейиш мумкин.

1. Қонуний алмаштириш воситаси

Биткоиннинг шу вақтгача дуч келган энг жиддий муаммоси қонуншунослар ва молиявий бошқармаларнинг унга нисбатан ишончсизлиги эди. Бироқ ҳокимият қараши ўзгариб бормоқда. Япония апрель ойида биткоинни тўлов воситаси сифатида расмийлаштирди. Бу эса унинг қийматини оширди ва мамлакатда тарқалишини кенгайтирди. Филиппин аҳолиси эса, пул ўтказмаларида айнан биткоиндан фойдаланмоқда. Яқин келажакда биткоин бу мамлакатларда ҳақиқий тўлов воситасига айланса, ажаб эмас. 

2. Тижорат тузилмалари томонидан талаб юқорилиги

Биткоиннинг илк босқичларида уни атиги бир неча дўкон қабул қилар эди. Аммо ҳозирда вазият тубдан ўзгарди. Етакчи технологик компаниялар ва интернет дўконларда ҳам биткоинлар билан тўловни амалга ошириш мумкин. Биткоин қийматининг ўсиши ва ОАВ эътибори ҳамда Япония каби мамлакатларда тан олиниши тижорий тузилмаларнинг криптовалюталарга қизиқишига туртки берди. Интернет савдода биткоинни қўллаш фойдаси анча кучли: кредит карталарига қараганда камроқ фоиз олинади, тўловни қайтариш билан боғлиқ фирибгарлик эҳтимоли деярли нолга тенг. Криптовалюта банк инфратузилмалари яхши ривожланмаган минтақалардаги харидорларни қамраб олиш имконини беради. Биткоин қанчалик кенг тарқалса, рақамли валютага бўлган талаб шунчалик барқарор бўлади. Унинг савдо соҳасида тарқалиши чеклангани эътиборга олинса, келгусидаги имкониятлари жуда улкан дейиш мумкин. 

3. Муаммоли иқтисодиётга эга мамлакатларда бойликни сақлаш воситаси

Рақамли валюта ҳисобланувчи биткоин нима учун ишончли эканига яна бир сабаб криптовалютага иқтисодий носоғлом мамлакатларда ҳам талаб ўсиб бормоқда. Масалан, Венесуэла, Боливия ва Зимбабведа биткоиндан бойлик ва жамғармаларини сақлашда фойдаланишмоқда. Миллий валютанинг кескин қадрсизланиши шароитида муқобил тўлов воситаси бўлиб хизмат қилмоқда. 

4. Биткоин яқинда оммалаша бошлади

Айтиш мумкинки, 2017 йил кенг жамоатчилик криптовалютадан хабар топган йил бўлди. Агар сиз 5 йил аввал исталган бирор кишидан биткоин ҳақида сўраганингизда, сизга ҳайрон боққан бўлар эди. Бугунги кунда, кўпчиликнинг унданхабари бор, айримлар унинг олтиндан ҳам қимматлашганини билади. Биткоин шундай оммавийликка эришган экан, сармоядорлар томонидан унга қизиқиш билдирилиши аниқ. 

5. Биткоинлар сони чекланган

Ниҳоят, биткоиннинг бунчалик қимматлиги унга ортиб бораётган талаб чекланган таклифга дуч келаётгани билан изоҳланади. Криптовалюта шундай ишлаб чиқилганки, унинг максимал ҳажми 21 млн донани ташкил этади. Бундан ташқари янги рақамли пулларни ишлаб чиқиш тезлиги вақт ўтган сайин секинлашади. Шу билан ўсиб бораётган талаб нафақат чекланган ҳажм, балки камайиб бораётган таклифга тўқнаш келади. 

Умуман олганда биткоин молиявий пуфакми, йўқми деган тортишувлар давом этади, дейиш мумкин. Бироқ криптовалютани интернет компанияларнинг акциялари билан қиёслаш нотўғри бўлади. Чунки бу икки тоифа активлар ўртасида жиддий фарқ бор. 

Мавзуга оид