Жаҳон | 22:01 / 28.10.2017
11155
2 дақиқада ўқилади

Саакашвили уни ҳибсга олишга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди

Фото: РИА Новости / Стрингер

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили Украина ҳукумати уни ҳибсга олмоқчилиги ва она юртига экстрадиция қилмоқчилигини маълум қилди. 

"Шу кунларда бош прокурор Луценко менинг ҳибсга олинишим ва Грузия президенти бўлганимдаги ҳаракатларим учун мени Грузияга топшириш бўйича ҳужжатлар тайёрлаш жараёнини бошлади", деб ёзган Саакашвили Facebook’даги саҳифасида.

Украина адлия вазирлиги сентябрда Киев Тбилисидан Саакашвилининг қидирилиши, ҳибсга олиниши ва экстрадицияси бўйича сўров олганини маълум қилган. Вазирлик Грузиянинг сўровини бош прокуратурага топширганини маълум қилган.

Украина президенти Пётр Порошенко июль охирида Саакашвилини Украина фуқаролигидан маҳрум қилган. Бу вақтда грузиялик сиёсатчи АҚШда бўлган. У Украинага 10 сентябрда тарафдорлари ёрдамида қайтган. 

Саакашвили Украина миграция хизматига қочқин мақоми берилиши ҳақида ариза берган, бироқ рад жавобини олган. Бу ҳолат Украина ҳукуматига уни мамлакатдан чиқариб юборишига ижозат беради.

Саакашвили Грузияни 2013 йилда, янги президент ўз лавозимига киришгандан кейин тарк этган. У бир нечта жиноий ишлар, жумладан давлатга тегишли 5 млн доллар маблағни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганликда айбланиб келинади.

Мавзуга оид