Жаҳон | 22:05 / 29.10.2017
5039
2 дақиқада ўқилади

AFP: Буркина-Фасонинг собиқ президенти укаси Парижда ҳибсга олинди

Африканинг Буркина-Фасо давлатининг собиқ президенти Блэз Компаоренинг укаси, 63 ёшли Франсуа Компаоре Париждаги Руасси-Шарль де Голль аэропортида ҳибсга олинди. Бу ҳақда France Presse ахборот агентлиги хабар берди

Компаоре Буркина-Фасо ҳукумати берган халқаро ордерга кўра ҳибсга олинган. Африка давлати уни 1998 йилда журналист Норбер Зонгонинг ўлдирилишига алоқадор деб ҳисобламоқда. Марҳум журналист Франсуа Компаоренинг ҳайдовчиси Давид Уэдраогонинг қийноққа солиниши ва ўлдирилиши бўйича журналистик тергов олиб борган.

Компаоре Францияга Кот-д'Ивуар пойтахти Абижандан келган. У самолётдан чиқиши билан унга ордер кўрсатилиб, Франциянинг чегарадаги полицияси изоляторига жойлаштирилган. Энди у 48 соат ичида суд олдида жавоб беради. Суд унинг Буркина-Фасога топширилиши бўйича қарор қабул қилиши мумкин.

Блэз Компаоре Буркина-Фасони 1987 йилдан бошлаб бошқариб келган. 2014 йилда давлат тўнтаруви оқибатида ҳокимиятдан четлатилган. Оқибатда Компаоре мамлакатдан Кот-д`Ивуарга қочган, у ердан кейинчалик Марокашга ўтган. Унинг укаси Франсуа Компаоре ҳам мамлакатни тарк этишга қарор қилган.

Мавзуга оид