Ўзбекистон | 12:30 / 29.10.2017
39548
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Шакаржон Хўжаниёзованинг яқинларига таъзия билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хоразм вилояти ҳокимининг ўринбосари Шакаржон Хўжаниёзованинг вафоти муносабати билан таъзия билдирди. Хоразм вилояти ҳокимлиги сайтида келтирилишича, президентнинг давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев марҳумнинг дафн маросими вақтида унинг оила аъзоларига йўлланган таъзияномани ўқиб эшиттирган.

Шакаржон Хўжаниёзова Боғот туманидаги Нукус қишлоғидаги қабристонга дафн этилган.

Хоразм вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари вафоти муносабати билан Хоразм вилояти ҳокимлиги таъзия билдирган.

«Хоразм вилояти жамоатчилиги оғир жудоликка учради. Бевақт ўлим ажойиб инсон, моҳир ташкилотчи, иқтидорли раҳбар, меҳрибон она Хўжаниёзова Шакаржон Юсуповнани 63 ёшида орамиздан олиб кетди.

Шакаржон Хўжаниёзованинг бутун раҳбарлик салоҳияти, эртани аниқ кўра билиши, мураккаб пайтларда ҳам энг тўғри йўлни танлай билиши ва манзил сари оғишмай, сабр тоқат, матонат билан ҳаракат қилишдек қобилиятлари Боғот тумани ҳокими бўлиб ишлаган 1992-2000 йилларда, айниқса яққол намоён бўлди. Бу йиллар мустақилликка энди эришган ёш Ўзбекистон давлати учун сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий — маърифий соҳаларни мустаҳкамлаш учун бир тан, бир жон бўлиб меҳнат қилиш лозим бўлган йиллар эди.

Шундай оғир шароитларда Шакаржон Хўжаниёзова бош бўлган Боғот тумани меҳнаткашлари мамлакат иқтисодини мустаҳкамлаш, озиқ — овқат ва дон мустақиллигини таъминлаш, бозор муносабатларига ўтиш даврида аҳолининг кам таъминланган, ижтимоий ночор қатламларини ишончли ва мустаҳкам ҳимоя қилиш каби давлат сиёсатини изчиллик билан ҳаётга тадбиқ қилишда умум ўзининг ишга муносиб ҳиссаларини қўшдилар.

Шакаржон Хўжаниёзова Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовни ҳақли равишда ўз устози деб билар ва Ислом Каримовдай ўзбек халқининг буюк фарзанди, улкан давлат арбобининг назарига тушган, меҳрини қозонган эди.

Кейинги пайтларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва раҳнамолигида амалга оширилаётган Ўзбекистоннинг сиёсий, ижтимоий — иқтисодий ҳаётини чуқур ислоҳ қилиш ва янгилаш, ҳудудларнинг мутаносиб тараққиётини таъминлашга қаратилган кенг миқёсли, кўламдор ислоҳотларнинг мазмун — моҳиятини чуқур англаб, уларни тарғиб ва ҳаётга тадбиқ қилишда алоҳида ўрнак ва фаоллик намуналарини кўрсатди.

Шакаржон Хўжаниёзова қаерда, қайси лавозимда ишламасин оддий ва камтарин, хушмуомала ва зиёли инсон бўлиб қолаверди.

Хўжаниёзова Шакаржон Юсуповнанинг халқ олдидаги хизматлари Ўзбекистон раҳбарияти томонидан юқори баҳоланган. Шакаржон Хўжаниёзова «Меҳнат шуҳрати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан тақдирланган. «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими» фахрий унвонига сазовор бўлган.

Элимизнинг қадрли фарзанди, ажойиб инсон, юрт равнағи ва турмуш фаровонлиги учун толмас курашчи Шакаржон Хўжаниёзованинг порлоқ хотираси қалбларимизда мангу яшайди», дейилади некрологда.

Мавзуга оид