Жамият | 12:26 / 30.10.2017
23316
2 дақиқада ўқилади

МХХ 10 минг долларлик фирибгарликнинг олдини олди

Фото: KUN.UZ

Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан биргаликда Фарғона вилояти Данғара туманида яшовчи 55 ёшли фуқарони 10 минг АҚШ долларини олиш чоғида ашёвий далил билан ушлашди.

Куни кеча МХХ идораларига Фарғона вилояти Бағдод туманининг Қўштегирмон қишлоғида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, Жамила исмли аёл 10 минг доллар эвазига беш нафар танишини (ҳар бири учун 2 минг доллардан) Қўқон давлат институтининг сиртқи бўлимига ўқишга киритишга кўмаклашиши бўйича таклиф билан чиққани ҳақида хабар берган.

Ушбу ариза асосида МХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан тезкор гуруҳ ташкил этилди, у ушбу шахсни ариза берувчи 10 минг долларни топшираётган вақтида ашёвий далил билан қўлга олди.

Дастлабки тергов давомида қўлга олинган шахс Тошкент вилоятида туғилган, Данғара туманининг Жаҳонобод қишлоғида яшовчи 55 ёшли Жангиш Тўраева экани аниқланди.

Ушбу ҳолат бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти томонидан Ж.Тўраевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилди ва тергов олиб борилмоқда.

Маълум бўлишича, Ж.Тўраева аввал 168- ва 273-модда (Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) бўйича жиноий жавобгарликка тортилган. 

Мавзуга оид