Жамият | 21:23 / 31.10.2017
16463
2 дақиқада ўқилади

Alibaba асосчиси Жек Ма илк бор кинода роль ижро этди

Фото: Weibo

Alibaba Group корпорациясининг асосчиси ва ижрочи раиси Жек Ма ўзини кино соҳасида синаб кўришга қарор қилиб, "Тун... Биз ухлаётганимизда" (Gong Shou Dao) деб номланган қисқа метражли кунг-фу жангари фильмида илк бор роль ижро этди. Бу ҳақда CGTN хабар бермоқда

Хитой ва Осиёнинг энг бадавлат одамларидан бири бўлган Ма Weibo ижтимоий тармоғидаги саҳифасида фильм постерини жойлаштириб, фильмда суратга тушаётганини тасдиқлаган. Фильм Хитойда АҚШдаги "қора жума"нинг муқобили бўлган "Ёлғизлар куни" – 11 ноябрда экранларга чиқарилади. 

Фильмга таниқли актёр Жет Ли продюсерлик қилган. Лининг ўзи ҳам фильмда роллардан бирида пайдо бўлади. Фильмда Ма ва Лидан ташқари, Осиё жангари фильмлари юлдузлари Донни Йен ва Жин Ву ҳам суратга тушганлар. Фильмнинг давомийлиги 20 дақиқани ташкил қилади.

Аввалроқ, жорий йилда Ма Alibaba Convention анжумани очилишида марҳум қўшиқчи Майкл Жексон услубида рақс ижро этганди. Ма 1988 йилдан бери ушу турларидан бири бўлган тай чи билан шуғулланади ва бу гимнастика турига ўқитиш бўйича уч кунлик семинарлар ўтказиб келади. Бу семинарларда иштирок этиш нархи 14,5 минг доллар атрофида туради.

Айни вақтда Манинг бойлиги 46,9 млрд долларга баҳоланмоқда. У Alibaba’га 1999 йилда асос солган.

Мавзуга оид