«Олий таълим» ўгайми?
Мустақиллик йилларида барча соҳаларда бўлгани каби таълим тизимида ҳам ижобий ислоҳотларга қўл урилди. Буни таълим тизимини тубдан яхшилаш ва ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан қабул қилинган ва қабул қилинаётган ҳужжатларда ҳам кўриш мумкин.
Ҳар бир соҳа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади ва бундай ҳужжатлар асосий дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Юртимизда таълим тизими Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Президентнинг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида йўл қўйилиши билан бир қаторда, таълимнинг ҳар бир босқичи тўғрисида алоҳида Низомлар қабул қилинган. Бундай Низомларда таълим босқичини ташкил этиш тартиблари белгиланган. Булар қуйидагилар:
- боғчалар фаолияти - Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги 528-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида»ги Низом билан;
- мактаблар фаолияти - Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган «Умумий ўрта таълим тўғрисида»ги Низом билан;
- коллеж-лицейлар фаолияти - Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 6 июлдаги 200-сон қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисида»ги Низом билан;
- докторантура фаолияти - Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сон қарори билан тасдиқланган «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тўғрисида»ги Низом билан.
Эътибор берган бўлсангиз, юқоридаги рўйхатда «Олий таълим тўғрисида»ги Низомни қайд этмадик. Чунки бу низом Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинмаган.
«Олий таълим тўғрисида»ги Низом 2003 йил 9 январь кундаги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 9-сон буйруғи билан тасдиқланган.
Ҳа, тўғри, биз вазирлик ўзидан-ўзи Низом қабул қилиб олган демоқчи эмасмиз. Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 16 августдаги 343-сонли қарорида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига олий таълим тизими учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан «Олий таълим тўғрисидаги низом»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топшириғи юклатилган.
Лекин гап масаланинг ҳуқуқий томонидан эмас, аксинча ижтимоий аҳамиятида. Ахир таълимнинг энг муҳим босқичи ҳисобланган олий таълими тизимини тартибга солувчи, унинг асосий фаолият йўналишларини белгилаб берувчи қоидалар вазирлик томонидан белгиланиши бугунги кун талабига жавоб берадими? Камида Вазирлар Маҳкамаси ёки керак бўлса Президент томонидан тасдиқланиши мақсадга мувофиқ эмасми?
Тасаввур қилинг, бирор ОТМ ректори Низом талабларини бузса, у нари борса вазирнинг буйруғига риоя қилмаган бўлади, холосми? Лекин мактаб директори ёки боғча мудираси Низом бўйича камчиликка йўл қўйса, у Республика Бош вазири тасдиқлаган ҳужжатга қарши борган бўлади. Фарқни кўряпсизми?
Бу масаланинг бир тарафи. Танганинг бошқа томони ҳам бор.
Куни кеча ўзининг 29 ёшини қаршилаган «Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 8-моддасида Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг бошқа ҳужжатлари давлат тилида қабул қилиниши ва эълон этилиши белгилаб қўйилган.
Нафақат таълим тизимида, балки бутун инсоният оламида мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз бераётган бир замонда Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим тизимини тартибга солувчи Низом қарийб 15 йилдирки, фақат рус тилидаги матни билан яшамоқда. Ҳанузгача «Олий таълим тўғрисида»ги Низомнинг расмий ўзбекча варианти йўқ. Шу кунгача Низомга бир неча бор ўзгариш ва қўшимчалар киритилган ва ўша ўзгаришлар ҳам фақат рус тилида қабул қилинади.
Энди буниси неча пулдан тушди? Охирги пайтларда оммавий ахборот воситаларида олий таълим тизими, ундаги кириш имтиҳонлари ҳақида кўплаб танқидий чиқишлар эълон қилинмоқда. Олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш вақт келгани, соҳада жиддий чоралар кўрилиши лозимлиги бот-бот таъкидланаётган бир пайтда, энг аввало ишни асосий ҳужжатни ўзбекчалаштиришдан бошлаш лозим.
Юқоридагиларга кўра, «Олий таълим тўғрисида»ги Низомни янги таҳрирда, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланадиган кўринишда ва асосийси ўзбек тилида қабул қилинишини таклиф қилиб қоламиз.
P/S: мабодо ҳақиқатдан Олий таълим вазирлиги «Давлат тили ҳақида»ги қонунни ҳурмат қилган ҳолда норматив-ҳужжатларни ўзбекчалаштиришга киришса, унда 2004 йил 10 март куни фақат рус тилида қабул қилинган «Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги йўриқнома»ни ҳам ўзбек тилида янгидан қабул қилишларини сўрар эдик. Юз минглаб талабаларга стипендия тўлаш жараёнини тартибга солсаю, лекин унинг ўзбекча варианти бўлмаса... Ғалатимасми?
Дилшод Абдуқодиров, ҳуқуқшунос
Мавзуга оид
21:43 / 22.10.2024
“Ўзимиз ўзбек тилини яхши билмаймиз” – фаоллар давлат тили мавқейи ҳақида нима дейди?
17:58 / 21.10.2024
“Тил – ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан масала” — Шавкат Мирзиёев
12:48 / 21.10.2024
“700 га яқин умумий овқатланиш корхоналарининг 75 фоизида таомнома ўзбек тилида эмас” – Рақобат қўмитаси
18:37 / 02.07.2024