Иқтисодиёт | 19:30 / 02.11.2017
29122
8 дақиқада ўқилади

Президентликнинг олти йили: Молиячилар Алмазбек Атамбоев вақтида қандай ишлашди

Молия билан боғлиқ ҳар қандай нарса, Қирғизистон учун оғир масала. Мамлакат бюджет дефицити билан яшайди. Қирғизистон ташқи сармоялар ва қарзларга, шунингдек, меҳнат мигрантларининг ўтказмалари боғланиб қолган. «24.kg» ахборот агентлиги сўнгги 6 йилда молия соҳасида вазият қандай бўлганини эсга олди.

Барқарор танқислик

«Чўнтагимда шамол ҳуштак чалиб айланаяпти» — Қирғизистон бюджети аҳволини айнан мана шу ибора тўлиқроқ тасвирлай олса керак. Мустақилликнинг илк йилларидан бюджет дефицитлигича қолиб келмоқда. Йилдан-йилга даромадлар ва харажатлар ўртасидаги фарқ ошса ошяптики, асло камаймаяпти.

Агар 2011 йилда бюджет дефицити 13,6 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2016 йилга келиб у 7,2 миллиардга кўпайди ва 20 миллиард 889 миллион сўмгача ошди. 2017 йил якунларига кўра, республика бюджетининг дефицити 21 миллиард 64,8 миллион қирғиз сўми ёки ЯИМнинг 4,3 фоизи миқдорига тенг бўлади.

Тўғри, Қирғизистон тарихида амалдорлар ўз нафсларини жиловлаган пайтлар ҳам бўлган.

Қирғизистон бюджетининг минимал дефицити 2014 йилда қайд этилган: 1 миллиард 875,5 миллион сўм.

Бир йил аввал, 2013 йилда ҳам кўрсаткич ҳам юқори эмас эди — 2 миллиард 330,5 миллион сўм. 2016 йилга келиб иштаҳа шу даражада карнай бўлганки, дефицит биратўла 14,7 миллиард сўмга ўсган.

Бюджет дефицитининг бу қадар чиқиб тушишининг ҳам сабаблари ҳам қизиқ. 2012 йилда Қирғизистон илк бора секвестр билан тўқнашди. ЯИМнинг 0,9 фоизга тушиши оқибатида, маблағ етишмаслиги Бутунжаҳон банкидан 30 миллион доллар келмагани туфайли молия вазирлиги бюджетни «қирқди».

Бу жуда катта жанжал келтириб чиқарди. Бироқ шундан кейинги икки йилда бюджет дефицити минимал қийматда ушлаб турилди. Молия вазирлиги ноустувор харажатларни максимал қисқартириш йўли билан оптимизация ўтказди. Қирғизистон белни маҳкам боғлади ва... ҳеч қандай қўрқинчли нарса содир бўлмади.

Тўғри, олдинги сабоқлар тезда унутилди ва 2016 йилда вазият такрорланди. Бутун йил бўйи иқтисодиёт ўсиш бўйича унчалик кайфиятни кўтармайдиган рақамларни кўрсата бошлади. Натижада молия вазирлиги яна оптимизацияга қўл урди. Харажатлар 14,9 миллиард сўмга қисқартирилди. Йил якунларига кўра бюджет дефицити жузъий қисқаргани йўқ, лекин харажатларни қисқартиришсиз вазият янада абгор бўлиши тайин эди.

Камтарона инвестициялар

Олти йил ичида Қирғизистонга 576,3 миллиард сўмлик инвестициялар киритилган. Асосий инвесторлар сифатида Хитой, Канада ва Россия қолмоқда. Бу эса ўз-ўзидан тушунарли. Хитой Қирғизистонга йўл қуриш, ТЭЦ ва Датка — Кемин электр ўтказиш линияси модернизацияси учун имтиёзли кредитлар берган. Канаданинг инвестициялари мамлакатнинг бош олтин лойиҳаси «Қумтор»га ётқизилган сармоялар билан боғлиқ. Россия эса мамлакатга ёқилғи етказиб беради ва Қирғизистоннинг бутун газ транспорт тизимига эгалик қилади.

Амалдорлар мамлакатдаги либерал солиқ режими, ресурслар ва ишчи кучининг арзонлиги ҳақида ҳарчанд бонг уришмасин, бошқа инвесторлар Қирғизистонга кирмаяпти. Сўнгги икки йил ичда Қирғизистон 180 миллион кишилик бозор бўлмиш ЕОИИнинг тўлақонли аъзоси эканлиги билан мақтаниш одат тусига кирди. Лекин йирик хорижий бизнесни бу билан республикага жалб этиб бўлмаяпти.

Қирғизистон 2015 йилдан буён Евроосиё иқтисодий иттифоқининг аъзоси саналади. Интеграцион бирлашмада дастлабки тўлақонли йил — 2016 йил Россиядан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори 21,3 фоизга ошганини кўрсатди.

Бундай маълумотни Евроосиё тараққиёт банки (ЕОТБ) интеграцион тадқиқотлар маркази келтирган. Бироқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар йиғинди кўрсаткичлари бўйича Қирғизистон ЕОИИда сўнгги ўринда эканлиги ҳам қайд этилган — бор-йўғи 11 фоиз. Бу эса ўтган йили Қозоғистондан инвестициялар ҳажми камайгани билан ҳам тушунтирилади.

Қирғизистонга инвестициялар киритишда соҳалар ичида алоқа ва ахборот технологиялари, инфратузилмавий тармоқлар ва рангли металлургия соҳалари етакчилик қилмоқда.

Алоқа ва ахборот технологиялари доирасида Россиянинг «ВимпелКом» ва Қозоғистоннинг «Верний капитал»ининг битта компания «Скай Мобайл»га инвестиция киритгани ажралиб турибди.

2010-йиллар бошига қараганда ЕОИИ мамлакатларининг Қирғизистон молия секторига инвестициялари сезиларли тарзда ошди. Ҳам Қозоғистон банклари, ҳам Россия банклари сармоя киритмоқда.

«Қирғизистоннинг ЕОИИда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар киритиш реципиенти сифатида сўнгги ўринда эканлигини республиканинг камтарона иқтисодий салоҳияти ва 2000-йиллардан кейин ҳукм сурган сиёсий беқарорликни ҳисобга олиб, тўғри тушуниш керак. Эҳтимол, ЕОИИга аъзолик туфайли Қирғизистон инвестицион имижини яхшилаб олар. Боз устига, тартибга солувчи қоидаларнинг гармонизацияси инвестицион муҳитни яхшилаш борасида Қирғизистонга ЕОИИнинг бошқа мамлакатлари томон бўй чўзиб етишиб олишга имконият яратади», — дейишмоқда ЕОТБ мутахассислари.

Барчаси долларга боғлиқ

Доллар курси — Қирғизистон аҳолиси учун энг муҳим ва энг қизиқ иқтисодий янгилик ҳисобланади. Аҳоли аксарият ҳисоб-китобларни айнан шу валютада олиб боради. Сўнгги олти йил ичида инжиқ «карам» қирғизистонликларнинг хаёли ва қалбини нечоғлик ўғирлаши мумкинлигини кўрсатиб берди.

Олти йил ичида курс 24,2 фоизга ошди: 2011 йилдаги 45 сўмдан 2017 йилдаги 69,2 сўмгача. Энг мураккаби 2015 йил бўлди. Доллар курсидаги сакрашлар улкан бўлди. Натижада йил 75,9 сўмлик курсда якунланди. Курс 80 сўмга чиққан пайтлар ҳам бўлди.

Бу ҳукумат ва миллий банкни зудлик билан ва сунъий йўл билан иқтисодиётнинг долларлаштирилганини пасайтириш ва инсонларни сўмда нарх қўйишга мажбурлашга ўтишига сабаб бўлди. Натижада, доллардаги кредитлар қиймати ошди ва миллий валютадагилариники пасайди.

Доллар курсидаги сакрашлар меҳнат мигрантларининг пул ўтказмаларига ҳам жузъий таъсир кўрсатди. Умумий ҳисобда улар 6 йил ичида Қирғизистонга 11 млрд 892 млн АҚШ доллари жўнатишган. Энг катта тақчиллик 2015 йилда кузатилди. Амалдорлар қайси шартлар билан Қирғизистон Евроосиё иқтисодий иттифоқига киришни ўйлаб кўришаётганида, мигрантлар тўп-тўп бўлиб уйларига қайта бошлашди. ЕОИИ мамлакатлари ўз бозорларини ташқи мигрантлардан ҳимоя қила бошлашди. Бундай шароитда ишлаб бўлмай қолди.

2016 йилда вазият бироз юмшади. Лекин энг катта ҳажмдаги ўтказмалар 2013 йилда қайд этилган — 2 млрд. 268.3 миллион доллар.

Доллар курсининг кескин сакрашлари миллий банкни тез-тез валюта бозорига чиқишга мажбурлади. Энг кўп пул 2014 йилдаги инвентаризацияга сарфланди — 505,6 миллион доллар. Энг иқтисод қилинган йил эса 2013 йил бўлди: миллий банк бор-йўғи 14,7 миллион доллар сотувга чиқарган.

2016 йилда барчаси тескари бўлиб кетди: Миллий банк сотувга чиқарганидан кўра кўпроқ доллар харид қила бошлади. У бутун бозордан 44,93 миллион доллар йиғиб олди.

Жорий йилда валюта бозорида вазият нисбатан барқарор. Миллий банк июль ойидан буён валюта бозорига бошини суққани йўқ. Мигрантларнинг пул ўтказмалари ҳам ошиб бормоқда: саккиз ой ичида улар 1,5 миллиард доллар жўнатишган.

Мавзуга оид