Атамбоевга 2010 йилги Ўш воқеалари бўйича айблов қўйилди
Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоевга 2010 йил июнь воқеалари бўйича жиноий ишда айблов қўйилди. Бу ҳақда унинг адвокати Сергей Слесарев 24.kg’га хабар берди.
Собиқ президент тартибсизликлар бўйича мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланмоқда. «У июнь воқеаларининг олдини олиши мумкин бўлгани, лекин ҳеч нарса қилмаганликда айбланмоқда», - деди адвокат.
Қирғизистонда 2010 йилда фожиали воқеалардан бир неча ой олдин тузилган муваққат ҳукумат мавжуд эди. Унинг таркибига 14 киши, жумладан Роза Отунбоева (муваққат ҳукумат раҳбари), Алмазбек Атамбоев (биринчи ўринбосар), Темир Сариев ва Азимбек Бекназаров (депутатлар), Дамира Ниёзалиева (соғлиқни сақлаш вазири) кирган. Эмилбек Каптагаев муваққат ҳукумат аппарати раҳбари бўлган.
Июнь воқеалари юзасидан жиноий иш бўйича тергов Қирғизистон президенти Садир Жапаров топшириғи билан 2021 йил апрелида қайта тикланди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг «Хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш» моддаси билан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Муваққат ҳукумат амалдорларига нисбатан иш қўзғатилган.
Маълумот учун, 2020 йилда Атамбоев криминал авторитет Азиз Батукаевни ноқонуний равишда озод қилишдаги коррупция иши бўйича 11 йил-у 2 ойга озодликдан маҳрум этилган.
2010 йил 10 июнь куни Қирғизистон жанубидаги Ўш шаҳрида қирғиз ва ўзбек этник гуруҳлари ўртасида тўқнашувлар келиб чиқиб, кўплаб қурбонлар бўлган. Расмий маълумотларга кўра, 442 та ўлим қайд этилган, бироқ ОАВ 2000 дан ортиқ ўлим ҳолати ҳақида хабар берган.
Мавзуга оид
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
20:34 / 20.11.2024
Қирғизистон ўз фуқароларига Украинани тарк этишни тавсия қилди
18:39 / 20.11.2024
2024 йилда Қирғизистондан Ўзбекистонга газ экспорти 5 баробар ошди
17:30 / 14.11.2024