19:52 / 04.11.2017
5396

“Формула-1”нинг машҳур пойгачиси иккинчи марта фаолиятини якунлаётганини маълум қилди

Фото: AFP

“Формула-1”нинг "Уильямс" жамоаси пойгачиси Фелипе Масса фаолиятини якунлаётганини маълум қилди. 36 ёшли бразилиялик Instagram’да жорий мавсумдаги пойгалар унинг фаолиятидаги охиргилари бўлишини айтган. 
  
Масса фаолиятида учта жамоа: "Заубер", "Феррари" ва “Уильямс" номидан иштирок этган. Бугунги кунга келиб у фаолиятида 11 та пойгада ғолиб бўлган, 41 марта шоҳсупага  кўтарилган. Бироқ бу охирги марта 2015 йилда Италияда юз берган. Мавсумнинг қолган Бразилия ва Абу-Дабидаги пойгалари унинг фаолиятидаги охиргилари бўлади.

Масса пойгалардан ўзи ўтган мавсум якунлангандан кейин кетмоқчи бўлган ва бу ҳақда маълум қилган, бироқ жамоасининг илтимосига кўра, “Мерседес”га кетган собиқ жамоадоши Валттери Боттас ўрнига яна бир мавсумга қолишга рози бўлган.

Эслатиб ўтамиз, пойганинг Мексика Гран-приси якунларига кўра, британиялик Льюис Хэмилтон муддатдан аввал мавсум ғолиби бўлди. 

Top