Жаҳон | 20:06 / 05.10.2025
2358
1 дақиқада ўқилади

McLaren Формула-1 конструкторлар кубогини муддатидан олдин қўлга киритди

Жамоа мавсум якунига 6 та пойга қолганида рақиблар учун етиб бўлмас маррани эгаллади.

Фото: AP

McLaren жамоаси Сингапур Гран-приси якунига кўра, қаторасига иккинчи марта ва умумий ҳисобда ўнинчи марта Формула-1 конструкторлар кубогини қўлга киритди.

Шаҳар трассасида ўтказилган пойга ғолиби британиялик Жорж Расселл («Mercedes») бўлди, иккинчи ўринни нидерландиялик Макс Ферстаппен («Red Bull»), учинчи ўринни британиялик Ландо Норрис («McLaren») эгаллади.

McLaren кубокда муддатидан олдин ғалаба қозониш учун ўз пойгачилари Норрис ёки Оскар Пиастридан бири шоҳсупадан жой олиши керак эди.

Ўтган йили McLaren фақат якуний пойгада Конструкторлар кубогини (1998 йилдан бери биринчи марта) қўлга киритди ва Норриснинг ғалабаси эвазига Ferrari жамоасини 14 очкога ортда қолдирди.

Мавсум якунига қадар яна олтита пойга қолди. Шу тариқа, McLaren мавсумдаги энг тез ғалаба бўйича 2023 йилги Red Bull рекордини такрорлади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид