Жаҳон | 16:00 / 05.11.2017
24128
2 дақиқада ўқилади

Трамп ташрифи арафасида минглаб жанубий кореяликлар намойишга чиқишди

© AFP 2017 / ED JONES

Жанубий Кореяда Дональд Трампга қарши кенг кўламли намойишлар бошланди. Ёнҳап хабарига кўра, Сеулда минглаб кишилар кўчаларга чиқишган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Сеулда 5 минг нафарга яқин киши йиғилган. Намойишчилар "Тинчлик керак, уруш эмас", "Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб, музокараларни бошланг!" ва "Биз тинчлик истаймиз!" ёзувлари туширилган плакатлар кўтариб олишган.

Қатор жамоатчилик ташкилотлари бу акция Трампнинг Жанубий Кореяга ташрифига қарши қаратилмаганини таъкидлашмоқда. Вакилларнинг сўзларига кўра, улар бу орқали Корея яриморолидаги вазиятга жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратишни мақсад қилишган.

© AFP 2017 / ED JONES

Трамп якшанба куни Осиё бўйлаб 13 кунлик турнесини бошлади. У шу куни тонгда Японияга келди ва мамлакат бош вазири Синдзо Абэ билан учрашиб Сайтамада у билан гольф ўйнади, уларга машҳур япониялик Хидэки Мацуяма қўшилди. Душанба куни Трамп император қабулида бўлади. Кейинроқ япон-америка саммити бошланади. Трамп ва Абэ ўтмишда шимолий кореялик агентлар томонидан ўғирланган япон оилалари билан ҳам учрашади.

Япониядан кейин Трамп 6-7 ноябрь кунлари Жанубий Кореяда бўлади, у бу ерда президент Мун Же Ин билан учрашади. Чоршанба куни АҚШ президенти Хитойга йўл олади, 10 ноябрь куни — Вьетнамга, у бу ерда ОТИҲ (Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги) саммитида қатнашади. Америка раҳбарининг турнеси 12-14 ноябрь кунларида Филиппинга ташриф билан якунланади.

 

Мавзуга оид