Жаҳон | 20:50 / 10.11.2017
11865
2 дақиқада ўқилади

Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқишининг аниқ вақти маълум қилинди

Фото:finam.info

9 ноябрда Буюк Британия ҳукумати Европа Иттифоқидан чиқишнинг аниқ вақтини қонунан расмийлаштирди. Унга кўра, мамлакат 2019 йил 29 мартда Лондон вақти билан соат 23.00да (Марказий Европа вақти бўйича соат 00.00) расман Европа Иттифоқи таркибидан чиқади. 

Британиянинг Brexit масалалари бўйича вазири Дэвид Дэвиснинг маълум қилишича, сана аввалдан маълум бўлгани сабаб ҳукумат унга қўшимча равишда жараён юз берадиган аниқ соатни ҳам киритиб қўйган.

“Биз жамоатчилик вакиллари ва парламент аъзоларини тинглаб, чалкашликлар бўлмаслиги учун ушбу аниқликни киритдик”, деб айтган вазир.

Британия ҳукумати Brexit жараёни бошлангандан кейин роппа-роса 2 йил ўтиб Европа Иттифоқидан чиқишни якунлашга ваъда берганди. 

2016 йил июнида Британияда мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқиши бўйича референдум ўтказилган. Унинг натижаларига кўра, Brexit учун 51,9 фоиз овоз берилган. Ҳозирда Лондон ва Брюссель қироллик иттифоқни қандай шартларда тарк этиши бўйича музокаралар ўтказмоқда. 

Мавзуга оид