Жаҳон | 15:20 / 12.11.2017
15832
3 дақиқада ўқилади

Дунё етакчилари Филиппинда йиғилмоқда

Дунё давлатлари раҳбарлари Филиппинга Жануби-шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (ASEAN) 31-саммитида иштирок этиш учун келишмоқда.

Манила шаҳри яқинидаги Кларк аэропортида Канада, Лаос, Малайзия, Янги Зеландия, Сингапур, Таиланд, Япония ва Индонезия президентларининг самолётлари қўнган.

Шунингдек, Филиппинга РФ бош вазири Дмитрий Медведов етиб келган. Саммит ташкилотчилари маълумотига кўра, Маниладаги учрашувларда 19 давлатларнинг раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп ҳам Филиппинга келади.

Бундан ташқари, Филиппинга ХХР раиси Си Жинпинг 5 кунлик ташриф билан келган. Хитой ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, бу ташрифдан мақсад муҳим ҳудудий масалаларни ечишдан иборат.

12 ноябрь куни Филиппин президенти Родриго Дутерте меҳмонлар учун ташкилотнинг 50 йиллиги муносабати билан катта қабул ташкил этади. Саммитнинг асосий маросимлари душанба кунига мўлжалланган.

Манилада дунё давлатлари раҳбарлари хавфсизлигини таъминлаш учун 60 мингдан ортиқ полициячи жалб этилган.

Асосий маросимлар ўтказиладиган кварталлар бир неча кун илгари ҳуқуқ-тартибот органлар ходимлари томонидан ўраб олинганди.

Саммит кунлари шаҳарда одам кўп бўлмаслигини таъминлаш учун мамлакатда 13-15 ноябрь кунлари дам олиш кунлари сифатида эълон қилинган. Шаҳар марказидаги кўплаб жамоат жойлари вақтинчаликка ёпилган.

Саммит кун тартибида эктремизмга қарши кураш, иқтисодий интеграция, ҳудудий инфратузилмаларни барпо этиш масалалари ўрин олган. Конференция давомида қабул қилиниши кутилаётган муҳим ҳужжатлардан бири меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича келишув бўлиши кутилмоқда. Бу ҳужжат Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ҳудудидан бўлган мигрантларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилгандир.

Шу вақтда Манилада ASEAN ишчи саммити ҳам ўтказилади ва унда 800дан ортиқ делегат қатнашади. Форум спикерлари орасида Россия ва Ҳиндистон бош вазирлари ҳам бор. Ташкилот таркибига кирмайдиган давлатларнинг раҳбарлари Шарқий Осиё саммитида иштирок этишади.

Конференция якунида Филиппин ассоциация раислигини Сингапурга топширади.

Жануби-шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси Бруней, Вьетнам, Индонезия, Камбожа, Лаос, Малайзия, Мьянма, Сингапур, Таиланд ва Филиппин давлатларини бирлаштирган ташкилотдир.

Мавзуга оид