Навоийда тиббиёт ходимлари байрами нишонланди
Бугунги кунда Навоий вилоятида тиббиёт соҳасида 7 минг нафарга яқин турли тоифага эга шифокорлар меҳнат қилмоқда. Ҳудудда давлат тасарруфидаги даволаш муассасалари билан бирга 123 та хусусий шифохона ҳам фаолият юритяпти.
10 ноябрь куни Навоий шаҳридаги «Хурсанд» тантаналар саройида тиббиёт соҳаси вакилларининг байрами кенг нишонланди. Тадбирда вилоят ҳокими Қ.Турсунов соҳа фидойиларини қутлар экан, уларнинг эл саломатлиги йўлидаги саъй-ҳаракатларини эътироф этди.
Тадбир давомида бир гуруҳ шифокор ҳамда ҳамширалар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланиб, уларнинг ҳар бири қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, 11 нафар вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан республика пойтахтидан таклиф этилган мутахассис врачлар ҳамда ёш шифокорларга янги хонадонлар калитлари топширилди.
Байрам кечасида иштирок этган Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев Навоий вилоятида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларда тиббиёт соҳаси вакилларининг алоҳида ўрни борлигини таъкидлади. Таниқли артист ўз репертуаридан қўшиқлар ижро этиб берди.
Бектемир Пирнафасов