Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Сув ичаман деб чалғидим” – Навоийда ЙТҲга учраган автобус ҳайдовчиси 10 йилга қамалди
“Зарафшон–Навоий” йўналишида 47 нафар йўловчини олиб кетаётган автобус йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган. Оқибатда 3 киши воқеа жойида вафот этган, 21 йўловчи турли даражада жароҳатланган.
ЖИБ Томди туман судида 3 кишининг ўлимига сабабчи бўлган автобус ҳайдовчисига нисбатан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Тонгдаги ЙТҲ
Суд ҳукмига кўра, 2026 йил 5 январ куни тонгда “Зарафшон–Навоий” йўналишида ҳаракатланиб кетаётган автобус А-379 “Навоий–Учқудуқ” йўлининг 167-168 километри оралиғида, чўл ҳудудида ЙТҲга учраган. 1986 йилда туғилган Х.Ш. бошқарувидаги автобус ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги оқибатида йўлдан чиқиб кетиб ағдарилган.
ЙТҲ оқибатида 3 киши (бири вояга етмаган) воқеа жойида вафот этган. Жами 21 нафар йўловчи турли даражада тан жароҳати олган.
“Сув ичаман деб чалғидим”
Ҳайдовчи судда айбига иқрорлик билдириб, бошқарув пайтида сув ичаман деб чалғиганини айтган. У автобус бошқариш ҳуқуқини берувчи тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини 2021 йил январда олган бўлган.
“Зарафшон шаҳридан кейинги довондан автобусни 20 км/соат тезликда бошқариб ўтдим. Довондан ўтгач, туман бироз тарқалди. Лекин шунда ҳам олдинда тахминан 10 метр масофани кўриш мумкин эди.
Автобусни соатига 70 км/соат тезликда бошқариб кетаётгандим. Чап томонимдаги идишни олиб, сув ичдим. Сўнг сув идишнинг қопқоғини йўқотиб қўйдим. Автобусни бошқариб кетаётган бўлсам-да, идишни оёқларим орасига қўйиб, қопқоқни излай бошладим. Шу вақтда пастга эгилиб қарадим ва қўлим автобус рулини ўнг томонга буриб юборди. Йўлдан чиқиб кетиши мумкинлигини ўйлаб автобус рулини чап томонга бурдим, аммо бошқарувни эплолмай қолдим.
Автобус йўлнинг ўнг томонига, адирликка чиқиб кетди ва ағдарилди. Ўзимни ўнглаб, автобусни ва электр тизимини ўчирдим. Шу вақт орқадан йўловчиларнинг бақир-чақир овозлари эшитилди. Шундан сўнг шеригим билан люкларни очиб, йўловчиларга шу ердан чиқишларини айтдик”, деган ҳайдовчи ўз кўрсатмасида.
Орадан 35-40 дақиқа ўтиб, ИИБ, тез тиббий ёрдам ходимлари ва қутқарувчилар ҳодиса жойига етиб боришган.
Х.Ш. жабрланувчилардан кечирим сўрашини билдириб, суддан енгиллик сўраган.
Жазо
ЖИБ Томди туман судининг 2026 йил 11 июндаги ҳукми билан Х.Ш. Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) содир этганликда айбдор деб топилган. Унга 3 йил барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони манзил колонияда ўташ белгиланган.
Шунингдек, Х.Ш.дан автобус тегишли бўлган МЧЖ фойдасига 147 млн сўм моддий зарар ундириш назарда тутилган.
Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати ЙТҲ пайтида автобусда 47 нафар йўловчи бўлганини, улардан 2 нафари вафот этгани ҳамда 9 йўловчи турли кўринишда тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилганини маълум қилганди.
Мавзуга оид
14:23
Самарқандда Damas ҳайдовчиси ЙТҲ содир этиб, машинадан тушиб қолди
15:55 / 13.06.2026
Туркияда 3 кунда 4 нафар ўзбекистонлик вафот этди
15:48 / 13.06.2026
Бекободда машинада одам уриб ўлдириб, жасадни каналга оқизиб юборган “опер” 7 йилга қамалди
14:06 / 11.06.2026