Жаҳон | 20:30 / 17.11.2017
18712
3 дақиқада ўқилади

Фото: Ағдарилган Мугабенинг юзида табассум

Зимбабведа 15 ноябрь кунги давлат тўнтаришидан кейин ҳокимиятдан четлатилган Роберт Мугабе бугун, 17 ноябрь куни илк бор омма учун кўриниш берди. У юқори мартабали ҳарбий амалдорлар ва ЖАР вакилларини ўз қароргоҳида қабул қилган. Унинг ўзини ағдарган ҳарбийларни юзида табассум билан қаршилаши тасвирланган суратлар The Herald газетаси ва ZBC давлат телерадиокомпанияси томонидан намойиш этилди.

Қабулда Зимбабве Қуролли кучлари бошлиғи, 15 ноябрь куни армияни пойтахт Харарега бошлаган генерал Константино Гувей Чивенга, Мудофаа вазири Сидней Секерамейи, Хавфсизлик ишлари вазири Кембо Мохади, президентнинг матбуот котиби Жорж Чарамба, шунингдек Жанубий Африка Республикаси эмиссарлари — мамлакат мудофаа вазири Носививе Маписа-Нкакула, Жанубий Африка Республикаси Хавфсизлик ишлари вазири Бонгани Бонго ва бошқалар ҳам бўлишган.

Бундан ташқари, учрашувда католик руҳонийси, Мугабе ва армия бошлиқлари ўртасида воситачилик қилаётган Фиделис Муконори ҳам бўлган.

Роберт Мугабе Ҳараре шаҳридаги университетда ташкил этилган маросимга ташриф буюрди.

Унинг маросим очилишидаги нутқи оммавий салбий ҳайқириқлар билан кутиб олинган.

Фото AP
Фото AP

Эслатиб ўтамиз, ҳарбийлар Зимбабведа 15 ноябрь куни ҳокимиятни ўз қўлларига олишди. Мамлакатни 1980 йилдан буён бошқариб келган президент уй қамоғига ташланди. Армия пойтахтга кирибоқ, ZBC давлат телерадиокомпаниясини эгаллаганди.

Давлат тўнтариши шу ой бошида Мугабе ўз ўринбосари вице-президент Эммерсон Мнангагвани истеъфога чиқариши ортидан рўй берди. Президент бу билан ҳокимиятни унга эмас, ўз рафиқаси Грейси Мугабега қолдирмоқчилигини билдирганди. Аммо армия вакиллари Мнангагвани қўллашди. Чивенга президентга ультиматум қўйиб, партияда тозалаш ишлари олиб боришни тўхтатишни, ўз атрофидаги инқилобга қарши кучлардан воз кечишни, партия вакиллари учун тенг ҳуқуқлилик яратишни талаб қилганди.

Бу воқеалар фонида, 16 ноябрь куни мамлакатга Мугабенинг асосий рақиби, собиқ бош вазир Морган Цвангираи қайтиб келди.

Мавзуга оид