Таҳририятимизга «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «Жомбой кўмир омбори»да кўмир олишда сансалорлик ва сунъий юзага келтирилаётган тақчиллик ортидан турли «ўйинлар»га дуч келаётган ургутлик фуқаролардан телефон орқали шикоят келиб тушди.
Вазиятга ойдинлик киритиш, умуман, Самарқанд вилоятида табиий газ билан таъминланмаган аҳоли хонадонларига кўмир етказиб бериш қай аҳволда эканлиги билан танишиш учун вилоятдаги «Жомбой», «Зарафшон» ва «Мароқанд» кўмир омборлари билан танишдик.
Жомбойдаги омборга борар эканмиз, кўчанинг икки томони эллик чоғли юк машиналарга тўла эканлиги, одамлар омбор дарвозаси олдида гавжумлашиб турганига гувоҳ бўлдик. Чап тарафдан навбатсиз омборга киришга уринган автомашиналардан бирининг ҳайдовчисини кимдир чиқиб сўкди. У омбор мудири Ориф Қурбонов экан. Ўзимни таништириб, ундан вазият ҳақида сўрадим.
«Бошқаларга қатъий навбатга кўра, ногиронларга эса навбатсиз кўмир тарқатмоқдамиз», — деди «Жомбой» омбори мудири О.Қурбонов.
«Қайси туманларга кўмир тарқатяпсизлар?»
«Бу ердан Жомбой, Тайлоқ, Ургут, Пайариқ ва Самарқанд тумани аҳолиси кўмир олиб кетмоқда. Олувчи жуда кўп, ўз-ўзидан навбат ҳосил бўлади. 2–3 кунлаб турганлар бор, яхши хабардорман. Кунига 8–9 та вагонни юклаб аҳолига кўмир тарқатмоқдамиз. Иш вақтимиз соат 17:00 га бўлса ҳам, кечгача ишлаяпмиз».
Бироқ Ургут тумани «Жайратепа» маҳалласидан мурожаат қилган 1-гуруҳ ногирони (кўзлари ожиз) Темур Нуриевнинг ҳикоя қилишича, қўлига кўмир олиш учун чек берилганидан сўнг, «сиз бу ерда тураверманг, жиянингизни қолдириб кетсангиз бўлди, орқангиздан шу бугуноқ етказамиз», дейилганидан сўнг у 70 км узоқликдаги уйига кетади. Кўмир олиш учун қолган жияни «тоға, булар бугун кўмир берадиганга ўхшамаяпти», дегач, қўшнисининг машинасида яна омборга қайтиб келади. «Бугун омбор ёпилди, эртага эрталаб, биринчи навбатда оласиз», деган жавобни эшитади.
Эртаси куни биз омборга етиб борганимизда, соат 15:30 эди. Т.Нуриевга кўмир шу вақтда юклаб берилаётган эди.
Кўчада навбат кутаётган фуқароларни секин суҳбатга тортамиз: Тайлоқ тумани «Ғулба» маҳалласидан келган Д.Маматқулова шундай дейди:
— Маҳалламиз навбатга қўйилганида менга кўмир етмасдан қолиб кетдим. Мана энди 3 кундан бери сарсонман. Маҳаллага ажратилган куни келиб кўмир ололсангиз олдингиз, бўлмаса маҳаллангиз кейинги марта навбатга қўйилганга қадар кутишга мажбур бўлар экансиз.
«Ҳар бир туман ёки маҳалла учун навбат билан бир кун, бирор соат ажратилса кишилар сарсон бўлмас эди. Ҳозир аралаш бериб ётилибди», — деб гапга аралашди кўмир кутаётган фуқаролардан яна бири.















