Ўзбекистон | 10:02 / 19.10.2024
5013
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда аҳолига тарқатилиши керак бўлган 1 400 тонна кўмир талон-торож қилинди

Кўп миқдордаги кўмир омбор мудири томонидан кўмирфурушларга сотиб юборилган.

Фото: Прокуратура департаменти

Сурхондарё вилояти Узун туманида аҳолига ва ижтимоий объектларга тарқатилиши керак бўлган кўмир талон-торож қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, департаментнинг Узун тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ф.М. “Эркинлик” МФЙдаги нотурар бинода сақлаб келган тегишли ҳужжатлари бўлмаган 100 тонна кўмирни фуқаро А.А.га 100 млн сўмга сотишга келишиб, шу ҳисобидан 5 000 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ўтказилган терговга қадар текширувда аниқланишича, “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Узун тумани омбори мудири Э.Р. аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини иситиш учун олиб келинган 447,2 млнлик 1 470 тонна кўмирни қиммат нархларда бошқа шахсларга сотиб юборган.

Жумладан, 2023 йилнинг сентябр ойида тадбир давомида ушланган Ф.М.га 180 тонна кўмирни 120 млн сўмга сотгани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид