Ўзбекистон | 21:20 / 18.11.2017
168628
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда митинг уюштирган аёллар билан нималар юз берди?

Жорий йилнинг 4 июнь куни Тошкент шаҳрида жойлашган «Халқлар дўстлиги» истироҳат боғи (собиқ «​Бобур») атрофида Жасурбек Иброҳимов ишини ҳаққоний тергов қилиниши сўраб бир неча ўнлаб кишилар митингга йиғилганди.

Маълум қилинишича, ушбу митинг ташкилотчиси, ижтимоий тармоқда Ирина Зайдман тахаллусида ёзувчи Ирина Шохназарова аҳолини митингда иштирок этишга ундаш орқали ҳуқуқбузарлик ҳолати содир этгани аниқланган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев Kun.uz мухбирига хабар берди.

«Расмий ҳокимият томонидан рухсат этилмаган митингни уюштирган Ирина Шохназарова аҳолини ушбу ҳаракатга бевосита жалб этгани аниқланди. Шохназарованинг ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 201, 202 моддаси, яъни «Рухсат этилмаган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишлар ўтказиш учун шароитлар яратиш»​ ҳамда «Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш»​аломатлари топилган бўлиб, унга нисбатан Яккасарой туман суди томонидан 15 ноябрь куни 15 кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Шунингдек, Ирина Шохназарова энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баробари (7,84 млн сўм) қийматида жаримага тортилган»​, дейди Дониёр Тошхўжаев.

Унинг айтишича, Ирина аҳолини норасмий, санкциялаштирилмаган тадбирга чиқишга ундаган, митинг ўтказиш вақти ҳамда жойини белгилаган, Мария Леглер тахаллусида ижтимоий тармоқ фаоли - Мария Головко эса митинг иштирокчиларининг имзоси тўплаш учун олдиндан мурожаат хатини тайёрлаган ва босиб чиқарган.

«Мария Головкога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодекси 201, 202 моддалари билан жавобгар, деб топилган. 10 ноябрь куни суд Марияга нисбатан 10 кунлик маъмурий қамоқ жазосини тайинлаган. Шунингдек, Мария Головко энг кам ойлик иш ҳақининг 60 баробарида жарима тўлашга мажбур», дейди бошлиқ ўринбосари.

Тошхўжаев ижтимоий тармоқларда тарқаган нотўғри маълумотларга ойдинлик киритиб, ушбу икки аёлнинг ҳуқуқбузарлиги юзасидан суд очиқ тартибда, адвокатлар иштирокида ўтганини, аёллар қилмишини тан олиб, суд олдида кўрсатма берганини айтади. Аёллар айни вақтда Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Реабилитация марказида сақланмоқда.

«Тергов муддати жуда узоқ бўлди. Биз айнан митингни ким уюштирганига оид далилларни топиб, ҳуқуқбузарлик ҳолатини ўрнатишимиз керак эди. Ва ниҳоят, аниқ исботлар билан Яккасарой туман суди очиқ суд мажлисида икки ишни кўриб чиқди», дейди Тошкент шаҳар ИИББ, Тергов бошқармаси бошлиғи Тошхўжаев.

Унинг айтишича, «биз ҳуқуқий ривожланган жамиятни қурмоқдамиз. Бу жамиятда барча қонун олдида тенг, ҳар қандай митинг ва оммавий тадбирни ўтказиш учун ўрнатилган тартибда рухсатнома талаб этилади»​.

Мавзуга оид