Жамият | 16:50 / 19.11.2017
27221
5 дақиқада ўқилади

2018 йилда саёҳат қилиш тавсия қилинган мамлакатлар Топ-10 лиги эълон қилинди

Сайёҳлар учун мўлжалланган Lonely Planet портали Best in Travel рейтингини эълон қилди. Унда келгуси 2018 йилда саёҳат қилиш учун дунёнинг 10 мамлакати ҳам тавсия қилинган. Рейтингнинг юқори 10 лигини Чили, Жанубий Корея, Португалия, Жибути, Янги Зеландия, Мальта, Грузия, Мавритания, Хитой ва Жанубий Африка эгаллаб турибди. 

Фото: Getty Images

Чили нафақат Жанубий Америка, балки дунёнинг ажралиб қолган мамлакати десак хато бўлмайди. Шарқ томонда Анд тоғ тизмалари бўй чўзган бўлса, ғарбда Тинч океани жилваланиб ётади. Шимолда Атакама саҳроси ястаниб ётса, жанубни Патагония ёввойи ўрмонлари қуршаб олган. Мамлакат фуқаролари Чили мустақиллигининг 200 йиллигини кенг нишонлайди. 

Фото: Getty Images

Жанубий Кореяни замонавий Осиёнинг ихчам кўнгилочар майдончаси дейиш мумкин. Футуристик қиёфага эга пойтахт Сеул шаҳри 2017 йилда юксак суръатларда ўзгарди. Унда кўча бўйлаб янги кафелар, барлар ва ҳатто кутубхоналар жойлашган Сеул-ро 7017 кўчаси парки очилди. Жанубий Корея 2018 йилги Қишги Олимпия ўйинларига мезбонлик қилади. Юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар сайёҳларни мамлакатнинг турли бурчагидан Пёнгчангга олиб келади. 

Фото: Getty Images

Португалия Испаниянинг узоқ вақтлар мобайнида ташлаб турган соясидан чиқа бошлади ва санъат, маданият ва ошхоналар ривожланаётган ўзига хос марказга айланди. Сўнгги 2 йилда санъаткорона безатилган музейлар сайёҳларга қучоғини очса, португалиялик ошпазлар Лиссабондан Алгарвгача бўлган ҳудудларда ажойиб таомлар тайёрлашади. 

Фото: Getty Images

Катта таъсирга эга Жибути давлати тектоник платалар ҳаракати сабабли 3 қисмга ажралмоқда. Вулқонлардан оқувчи магмалар йўлида учраган нарсани куйдириб кетса, Марсга ўхшаш бепоён саҳролар гўёки буғланиб ётгандек. Чуқур кўллар соҳиллари туз кристаллари билан қопланган. Аммо сайёҳлик нуқтаиназаридан айнан шу нарса сайёҳлик режасини тузишга етиб ортади. 

Фото: Getty Images

25 йиллар муқаддам, Янги Зеландия саргузаштлар шинавандаларини фаол жалб қила бошлади. Great Walks сайёҳларни дунёнинг энг ноёб ёввойи саҳролари узра мамлакатнинг ўзига хос манзараларини пиёда босиб ўтишга журъат бағишлар эди. Эндиликда, 9 та йўл тармоғи ишга тушгач, Great Walk – Буюк Юриш барпо қилинмоқда. 

Фото: Getty Images

Ўрта ер денгизида жойлашган архипелагнинг узоқ тарихи кўпчиликка яхши маълум. Узоқ асрлар аввал барпо қилинган ибодатхоналар, 17-асрда қурилган истеҳкомлар соҳилни қўриқлаб туради гўё. Ерости йўлаклари ва ҳаво ҳужумига қарши қурилган бошпаналар Мальтанинг ерости қалъаларидек тасаввур ҳосил қилади. Унинг бойликлари минг йиллар бўлмаса, асрлар оша шу ерда. 

Фото: Getty Images

Жанубий Кавказ тоғлари чорраҳасида жойлашган Грузия тарихи мамлакат ўтмиши эмас, балки бугунидан ҳикоя қилади. Илғор фикрловчи, аммо анъаналаридан ғурурланадиган ва қадимги рецептлар асосида таом пиширадиган пазандалар аждодларини ҳам шараф ҳамда фахр билан ёдга олишади. 100 йил аввал, Грузия Россия инқилобидан сўнг, мустақил давлат деб эълон қилинган эди. 

Фото: Getty Images

Ушбу орол давлат зангори жилоланувчи денгизлари ва дабдабали соҳил дам олиш масканлари билан машҳур бўлиб, Мавритания маржон қоялари ораларига шўнғиш, денгиз тўлқинлари узра сузиш ва ороллар бўйлаб саёҳатлар кишининг баҳри-дилини очади. Мавринатия мустамлака бўлган вақтларда ўзининг стратегик жойлашуви сабабли “Ҳинд океанининг юлдузи ва калити” номи билан машҳур эди. Бугунги кунда ҳукумат мовий осмонли оролни Африкага парвозларни амалга оширишда минтақавий марказга айлантирди. 

Фото: Getty Images

Дунёнинг аҳолиси энг кўп мамлакати катта, чиройли бўлиб, ажойиб-у ғаройиб саргузаштларга ҳам бойдир. 2016 йилдан буён Хитой ўта тезкор темир йўллар тармоғини ишга туширди ва Ер юзидаги энг катта HSR тармоғини барпо қилди. Пекиндаги император саройи – Тақиқланган шаҳар – ўтган бир неча йиллар мобайнида замонавий тус олди ҳамда халқ учун ёпиқ бўлган 4 та дарвозаси ҳам очилди. Шанхай минораси дунёнинг энг кенг томоша майдонида сайёҳларни қаршилайди.

Фото: Getty Images

Жанубий Африкага борар экансиз, чўмилиш ҳавзалари ва тоғлар, ёввойи ўрмонлар ва кенг далалардан ташқари ажойиб шаҳар Кейптаунни ҳам томоша қилишни унутманг. ЖАР йиллар мобайнида дунёнинг жозибали мамлакатларидан бири бўлиб келаётганини ҳам унутмаслик лозим.  

 

Мавзуга оид