Жаҳон | 00:08 / 20.11.2017
13757
7 дақиқада ўқилади

Истеъфо ёки импичмент: Зимбабведа Мугабега ультиматум қўйишди

Фото: Роберт Мугабе ва унинг рафиқаси Грейс Мугабе/AP

Ҳарбийлар уй қамоғига жойлаштирган Зимбабве президенти Роберт Мугабе қариган чоғида якшанба куни яна бир нечта шум хабар эшитишга мажбур бўлди. Мамлакатдаги ҳукмрон «Зимбабве африка миллий иттифоқи» (ZANU PF) партияси уни биринчи котиб лавозимидан олиб ташлаган ва импичмент эълон қилиш билан таҳдид қилиб, душанба куни тушгача ўз ихтиёри билан лавозимини топширишни талаб қилди. Партия, шунингдек, унинг рафиқаси Грейсни ҳам барча лавозимлардан озод қилди.

Бундан ташқари, 93 ёшли Мугабенинг бўйруғи билан ишдан олинган (бу эса ҳарбийларни ҳаракатга келишга ундаган) Зимбабве вице-президенти Эммерсон Мнангагва лавозимига тикланиб, энди президентлик лавозими учун кураш олиб бормоқчи, дейилади РИА Новости томонидан тайёрланган сюжетда.

 

Ғалаён нимадан бошланган ўзи?

Чоршанба куни ҳарбийлар Зимбабве пойтахти — Ҳараредаги телевизион марказ ва президент қароргоҳини эгаллашди. Қўшни Жанубий Африка Республикаси президенти Жейкоб Зума билан суҳбатда Мугабе ҳарбийлар уни уй қамоғида сақлашаётганини тасдиқлаган.

Фото: EPA / UPG

Ҳарбийларнинг бу хатти-ҳаракатлари Мугабе бошчилигида ҳукмрон партиядаги сиёсий тозалашлардан норозилик билан тушунтирилди. Ноябрь ойи бошида у ўз ўринбосари ва вориси, ҳарбийларнинг кучли қўлловига эга Мнангагвани лавозимидан бўшатган.

Мугабенинг рафиқаси ва эҳтимолли вориси Грейс Мугабе мамлакатдан қочиб кетгани ва ишдан бўшатилган вице-президент Эммерсон Мнангагва пойтахтга ҳукуматни бошқариш учун қайтгани ҳам хабар қилинаётган эди. Илгари мамлакатнинг ўнта провинциясидан саккизтасидаги ҳукмрон партия мувофиқлаштирувчи қўмиталари Мугабени президентлик ва партия етакчилиги лавозимидан воз кечишни талаб қилиб чиққан эди.

Якшанба куни ZANU PF’нинг ёпиқ мажлисида партия етакчиси Роберт Мугабени бу лавозимдан озод қилиш ва уни мамлакат президентлигидан истеъфога чиқариш ҳақида якдил қарор билан резоляция қабул қилинган. Мажлисда партиянинг жами ўнта ҳудуддаги бўлинмалари вакиллари иштирок этишган.

Халқ президент истеъфосини кутмоқда

Авж олган сиёсий инқирозга қарамасдан, Ҳарареда сокин ва осуда ҳаёт ҳукмрон, аҳён-аҳёнда патруллар ва зирҳли машиналар учраб турибди, давлат идораларига элтадиган йўллар тўсилган, холос. Шанба куни пойтахтда Мугабени уй қамоғига жойлаштирган ҳарбийларнинг ҳаракатини қўллаб, кўп минг кишилик халқ юриши бўлиб ўтди. Юришда қатнашган инсонлар давлат раҳбари истеъфога чиқарилишидан шод эканлигини очиқдан-очиқ намоён этишди. Кечқурун намойишчилар президентнинг расмий қароргоҳи томон йўл олишди, бироқ ҳарбийлар уларни ўтказишмади.

Фото: AP

"Франс Пресс" маълумотига кўра, намойишчилар тўдаси қароргоҳга 200 метргача яқинлашган. Ҳарбийларнинг тақиқидан сўнг сўнг юриш иштирокчилари йўлда ўтириб олиб, ўз норозилигини  намойиш қилишган.

РИА Новости мухбири билан суҳбатда намойишчилар президентнинг истеъфоси кўпчилик учун янги мустақиллик куни, янги даврни бошлаб беришини таъкидлашган.

Ташвишланаётган қўшнилар

Зимбабведаги вазият Африкадаги қўшни давлатларнинг ташвишланишига сабаб бўлмоқда. Сешанба куни Ангола пойтахти Луандада Африка жанубини ривожлантириш ҳамжамиятига аъзо тўрт давлат етакчиларининг саммити бўлиб ўтади.

Фото: Sumaya Hisham / Reuters

«Кутилишича, саммитда Зимбабведа юз бераётган воқеалар муҳокама этилади», — деб хабар тарқатиган ЖАР президенти Жейкоб Зуманинг девонхонаси.

Зума ушбу саммитда иттифоқнинг раиси сифатида иштироқ этади. Open Zambia порталининг ёзишича, ундан ташқари Луандадаги саммитда Ангола, Танзания ва Замбия етакчилари қатнашади.

Қариянинг найранглари

Шу пайтгача бир неча марта сиёсий саҳнадан воз кечмаслигини эълон қилиб келган Мугабе ҳамон ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолишга уринмоқда. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Ҳарареда сўнгги вақт ичида Мугабенинг иккинчи бор ҳарбий қўмондонлиги билан учрашуви бўлиб ўтган. Унинг тафсилотлари очиқланмаяпти, лекин учрашувнинг аввалгиси пайшанба куни ўтказилган.

Herald Zimbabwe газетаси сайтида якшанба куни бўлиб ўтган учрашувдан суратлар эълон қилинган, унда президент генералларнинг қўлини сиқиб турибди. Музокараларда мамлакат полициясининг бош комиссари Августин Чихури, қамоқхона ва тузатиш хизмати бош комиссари Парадзаи Зимонди, армия бош штаби раҳбари Константин Чивенга иштирок этган. Учрашув тафсилотларини маҳаллий ОАВ ёритмаяпти.

Бундан ташқари, уй қамоғида сақланишига қарши норозилик сифатида Мугабе очлик эълон қилган, деб хабар беради Daily Mail газетаси ўз манбаларига таяниб.

«Шу йўл билан президент армияга босим ўтказмоқчи», — деган нашрга Мугабе оиласидаги ўз номини ошкор этмаган манба.

Қайд этилишича, 93 ёшли президент шанба кундан буён овқат истеъмол қилмаяпти. ZANU PF партиясига аъзо вазирлардан бирининг айтишича, президент мулоқот қилишдан ҳам бош тортмоқда ва бу ҳам норозликнинг бир қисми сифатида кўрилмоқда.

«Кеча кечқурундан бошлаб қария жуда кўп найрангларини ишга солди: очлик, таҳдид, мулоқотдан бош тортиш», — деган манба.

Мугабе жаҳондаги энг кекса давлат бошлиғи ҳисобланади. Илк марта у 1987 йили президентлик курсисига ўтирган, бироқ у реал ҳокимиятга анча аввал — 1980 йилда мамлакат мустақилликни қўлга киритгандан кейинроқ эришган. 1980 йилда Мугабе бош вазир эди. Кекса ёшига қарамасдан, у сиёсат саҳнасидан кетмаслигини бир неча бор такрорлаган. 2014 йилнинг декабрида Мугабе ҳукмрон ZANU PF партиясидан яна президентлик сайловида қатнашиб ғолиб бўлган ва 2018 йилги сайловларда ҳам қатнашишни режалаштираётган эди.

Зимбабве — Африканинг энг қашшоқ давлатларидан биридир. Унинг иқтисодиёти анчадан буён чуқур инқирозда. Гиперинфляция туфайли мамлакат миллий валютаси муомаладан чиқариб юборилган ва 2009 йилдан буён Зимбабведа АҚШ доллари, ЖАР руанди ва Хитой юанидан тўлов воситаси сифатида фойдаланилади.

Фото: herald.co.zw

Зимбабвега нисбатан бир қанча санкциялар жорий қилинган. Хусусан, «демократик жараёнларни барбод қилгани» учун зимбабвелик сиёсатчилар ва компанияларга 2003 йилда АҚШ санкция жорий этган. Европа иттифоқи Зимбабвега нисбатан персонал ва иқтисодий санкцияларни 2000-йиллар бошида киритган, бироқ 2014 йилга келиб ЕИ санкция рўйхатида Мугабе ва рафиқаси, шунингдек, Зимбабве мудофаа компанияси қолган.

Мавзуга оид