Президент ҳунармандларга қатор имтиёзлар тақдим этди
Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эълон қилинди.
Ҳужжат билан қуйидагилар республикада миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:
биринчидан, ҳунармандчилик фаолияти билан шуғулланаётган фуқаролар ва оилалар, айниқса, янгитдан ўз фаолиятини бошлаган ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, «Уста-шогирд» мактаблари фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, ва шу асосда янги иш ўринлари ташкил этиш;
иккинчидан, ҳунармандчилик субъектларига давлат рўйхатидан ўтишда кўмаклашиш, уларга ер майдонлари ва бинолар ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, уларни асбоб-ускуналар, жиҳозлар, хомашё ва материаллар билан узлуксиз таъминлаш, уларга имтиёзли кредитлар бериш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга ошириш;
учинчидан, халқ ҳунармандчилиги ва ижодий анъаналари кенг ривожланган шаҳар ва туманларда ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари ташкил этиш, ҳунармандчиликнинг ноёб турларини қайта тиклаш ва янада ривожлантириш, истеъмолчиларга ҳунармандчилик маҳсулотлари етказиб бериш учун бозор инфратузилмасини шакллантириш;
тўртинчидан, ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилишни рағбатлантириш, хорижий мамлакатларда ўтказиладиган кўргазма ва ярмаркаларда миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини тақдимот қилишга кўмаклашиш.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва «Ҳунарманд» уюшмасининг қуйидаги таклифлари қабул қилинди:
“Ҳунарманд” уюшмасини Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига уюшган аъзо сифатида аъзолик бадали тўловисиз киритиш;
“Ҳунарманд” уюшмаси раисини мавқеи бўйича Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосарига, “Ҳунарманд” уюшмасининг ҳудудий бошқарма бошлиғини Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқарма бошлиғи ўринбосарига тенглаштириш;
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги туман ва шаҳар Тадбиркорларга кўмаклашиш марказлари томонидан ҳунармандларга ўз тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришга кўмаклашиши бўйича сўзсиз равишда хизматлар кўрсатиш, жумладан ўз бизнесини ташкил этиш ва ривожлантириш кўникмаларига ўргатиш, ҳунармандчилик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, янгитдан ўз фаолиятини бошлаётган ҳунармандчилик субъектларига кўргазмалар ташкил этишни назарда тутиш.
2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб ҳунармандчилик субъектлари – “Ҳунарманд” уюшмасининг аъзолари:
ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқдан озод этилиши;
ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этилиши;
қишлоқ жойларда рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг 50 фоизини тўлаши белгилаб қўйилди.
Ҳунармандчилик фаолияти субъектлари – “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига имтиёзли микрокредитлар бериш, шунингдек, 5-иловадаги схемага мувофиқ ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари қуриш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банкининг Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 5 йил муддатга мўлжалланган жами 50 миллион АҚШ доллари миқдорида, жумладан “Микрокредитбанк” АТБ, “Халқ банки” АТБ ва “Агробанк” АТБ учун 2 йил имтиёзли давр билан 2,5 фоизли йиллик ставка бўйича кредит линияси очиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бир ой муддатда юқорида қайд этилган тижорат банкларига улар томонидан ҳунармандчилик фаолияти субъектларига миллий валютада имтиёзли микрокредитлар ажратиш учун кредит линиялари очишни қуйидаги шартларда таъминлайди:
имтиёзли микрокредитлар олти ой имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда, икки йил муддатга, энг кам ойлик иш хақининг 300 баробаридан ошмаслиги зарур;
ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна ва эҳтиёт қисмлар харид қилишда имтиёзли микрокредитларнинг фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизини, айланма маблағларини тўлдириш учун эса Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш фоиз ставкаси даражасини ташкил этиши;
имтиёзли микрокредитлар пул маблағларини қарз олувчининг ссуда ҳисобрақамидан унинг тўлов топшириқномасига мувофиқ, ушбу Фармонда назарда тутилган мақсадлар учун тегишли ташкилот ёки жисмоний шахснинг талаби бўйича депозит ҳисобрақамига ўтказиш йўли билан кейинчалик ушбу ташкилот ёки жисмоний шахсга хизмат кўрсатувчи банк тариф сиёсатига мувофиқ, нақд пул олиш имконияти билан тақдим этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ташаббускорлар ва тижорат банкларининг кредит маблағларини жалб этган ҳолда, 6-иловадаги рўйхатга мувофиқ, 2018-2019 йилларда ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини ўз вақтида қуриш ва фойдаланишга топширишни қуйидагиларга эътиборни қаратган ҳолда таъминлайди:
ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларини тарихий-анъанавий архитектура услубида қуриш, уларга зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини тортиб бориш ва ҳудудларида карвонсарой (меҳмонхоналар), кафе, ресторан ва туристларни жалб этиш учун бошқа объектларни жойлаштириш;
ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари ҳудудида “тарихий шарқ бозори” услубида савдо расталари ва халқ ижоди (дорбоз, полвон, масхарабозлар ва бошқалар) кўргазмалари учун махсус жойлар ажратиш;
мазкур марказларда қурилаётган турар жой биноларининг биринчи қаватида устахона ва савдо иншоотлари, юқори қаватларида ҳунармандлар учун турар жойлар ташкил этиш.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3268-сон қарори билан тасдиқланган миқдорда 2017-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ҳунармандчиликда аҳоли бандлигини оширишга имтиёзли микрокредитлар ажратиш учун “Микрокредитбанк” АТБга йиллик 2 фоизли ставка бўйича 50 миллиард сўм миқдорида ресурслар ажратилишини;
банд бўлмаган аҳолига, айниқса, ёшларга “Уста-шогирд” усулида такомиллаштирилган ўқув дастурлари бўйича ҳунармандчилик сир-асрорларини ўқитиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан 2018-2019 йилларда 1 миллиард сўм миқдорида маблағлар ажратишни таъминлайди.
Белгиланишича, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси, шунингдек, Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан имтиёзли микрокредитлар “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган ва мазкур Фармоннинг 1-иловасига мувофиқ ҳунармандчилик фаолиятини амалга оширувчиларга берилади.
Белгилаб қўйилишича:
“Ҳунарманд” уюшмасига аъзо ҳунармандларга касб-ҳунар коллежларининг махсус устахоналарида ҳунармандчилик бўйича таълим беришда якка тартибдаги тадбиркорлар каби шартнома тузиш ва кўрсатилган хизмат учун солиқ тўламаслик ҳуқуқи берилади;
“Уста-шогирд” мактаби ўқувчиси сифатидаги иш даври 25 ёшга етгунга қадар энг кам ойлик иш ҳақининг камида 2,5 баробари миқдорида суғурта тўлови тўланган тақдирда меҳнат стажига қўшилади.
Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:
доимий савдо жойларига эга бўлмаган ва вақтинчалик жойларда савдо қилувчи ҳунармандлар томонидан касса аппаратлари ва савдо терминалларидан фойдаланиш, шунингдек, савдодан тушган нақд пул тушумини тижорат банкларига инкассация қилиш ихтиёрий тартибда амалга оширилади;
ҳунармандлар учун давлат мулки объектлари учун ижара тўлови белгиланган энг кам тўловнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади;
ҳунарманд хусусийлаштириш дастури доирасида (“ноль” харид қийматида) сотиладиган давлат мулки объектини олиш хоҳишини билдирган тақдирда, ушбу объект ҳунармандга баҳоланган қийматида (бошланғич инвестиция мажбуриятлари билан) очиқ савдоларга (танловга) қўйилмасдан тўғридан-тўғри шартнома асосида сотилади (берилади);
бир неча ҳунарманд бир объектни (“ноль” харид қийматида) олиш истагини билдирган тақдирда, ушбу объект белгиланган тартибда очиқ савдога (танловга) қўйилади ва унда фақат ушбу ҳунармандлар иштирок этади.
Белгиланишича, ушбу шартлар асосида ҳунармандларга берилган объектлардан камида 5 йилдан кам бўлмаган вақт давомида ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида фойдаланилиши лозим.
Мавзуга оид
14:02 / 16.11.2024
Президент 9 нафар сенаторни тайинлади
12:32 / 22.10.2024
Профтаълим муассасалари техникумларга бирлашяпти – тизимда қандай ўзгаришлар бор?
15:14 / 25.07.2024
Тошкент, Бухоро ва Наманганда заргарлик марказлари ташкил этилади
11:12 / 25.05.2024