Биткоин туфайли бойиб кетган 6 киши ва 1 мамлакат
2017 йил бошидан буён биткоиннинг нархи 960 доллардан 8000 долларгача кўтарилди ва ўз-ўзидан, унга эга кўпчилик яхшигина пул ишлаб олди. Гарчи биткоинларни сақлашда анонимлик таъминланса-да, улардан баъзиларини таниймиз, баъзилари эса ўзлари ҳикоя қилиб беришади. Insider.Pro биткоинда катта капитал йиққанларнинг рўйхатини эълон қилди.
Эгизак Уинклвосслар
Эҳтимол сиз Тайлер ва Кэмерон Уинклвосслар ҳақида эшитган чиқарсиз — улар Facebook’да улушга эга эканликларини даъво қилиб чиқишган ва «Ижтимоий тармоқ» фильмида ҳам анча кулгили алфозда тасвирланишган.
Гарчи уларнинг биткоин-ETF криптовалютасини рўйхатга олишга рад жавоби берилган бўлса-да, 2013 йилда биткоинга 11 млн. доллар тикиб (ўшанда улар муомалада бўлган криптовалютанинг 1 фоизини харид қилишган), ҳозирда бойликлари 21 баробарга ўсган ва энди 231 миллион долларга тенг.
Барри Силберт, криптовалюталар қироли
Венчур капиталист ва Digital Currency Group асосчиси Силберт биткоинда улкан салоҳиятни жуда эрта илғаганлардан бири. Айтилишича, у 48 мингта биткоинни 2014 йилда АҚШ маршаллар хизмати ўтказган аукционда харид қилади (бунгача ҳукумат ҳар қандай наркотикни харид қилиш мумкин бўлган махфий онлайн-бозор Silk Road’нинг катта миқдордаги пулларини олиб қўйган эди). Ўшанда илк криптовалюталарнинг бир донаси 350 доллардан харид қилинган бўлиб, ўтган вақт мобайнида Силбертнинг улуши 16 мартага — 16,8 миллион доллардан 268,8 миллионгача ошган.
Тим Дрейпер, миллиардер ва венчур капиталист
Skype’га эртароқ инвестиция киритгани учун миллиардлаб бойлик ишлаб олган венчур капиталист Дрейпер 2014 йилда ўша ҳукумат аукционида 30 мингта биткоин сотиб олади. Ўшанда лот унга 19 миллион долларга тушган, ҳозир эса унинг баҳоси 171 миллион долларга тенг.
Чарли Шрем, биткоин фойдаланувчиларининг илк тўлқини иштирокчиси
Шрем таниқли бўлса ҳам қайғули томондан танилган. Тадбиркор биткоиннинг илк ихлосмандларидан бири ва Bitcoin Foundation’га аъзо эди, бироқ оқибатда бу ташкилотнинг бир неча раҳбарлари тергов қилинади. Шремнинг ўзи пул ювишда айбланиб, икки йилга қамалади. Кейин у криптотехнологияларга инвестиция киритишга мўлжалланган стартаплари билан бозорга қайтади. Гарчи унга тегишли биткоинлар сони аниқ ошкор этилмаса-да, қачонлардир у бир неча минг биткион сотиб олгани тахмин қилинади ва улар ҳозир бир неча миллион доллар туради.
Тони Галлиппи, топ-менежер
Галлиппи — Bitpay клиптовалюта компаниясининг ҳаммуассиси ва бошқаруви раҳбари. У энг йирик миқдордаги биткоинларга эгалик қилувчи шахслардан бири ҳисобланади. Галлиппининг ўзи инвестициялари ҳажмини ошкор этмайди, лекин у 20 миллион доллар атрофида баҳоланади.
Сатоси Накамото, биткоин ғояси муаллифи
Накамото — криптовалюталар ғоясининг сирли асосчиси. 2009 йилда у криптовалюталарни ишлаш механизми ҳақида мақола эълон қилади, кейинчалик яшириниб олади, унинг ҳақиқий исми ҳанузгача аниқ эмас.
Накамото кимлигини аниқ билмасак ҳам, унинг биткоинлари кўплиги аниқ. Хусусан, биткоин яратувчиларидан бири 2013 йилда Накамотода 1 миллион биткоин бўлиши мумкинлигини кўрсатиб берган. Тўғри, агар Накамото ўзининг барча захираларини сотмоқчи бўлса, биткоин нархини кескин тушириб юборган бўларди.
АҚШ ҳукумати
Юқорида қайд этиб ўтилганидек, 2013 йилда Silk Road’ни ёпиш асносида ФҚБ (FBI) 114 мингта биткоинни мусодара қилган ва тармоқдаги энг йирик биткоин-ҳамён эгасига айланган. Кейинчалик ҳукумат биткоинларни сотиб, 48 миллион доллар ишлаган. Озгина кутиб турганида бундан анча кўпроқ маблағ ҳам ишлаган бўларди.
Бундан ташқари, АҚШ солиқ хизмати рақамли валютани солиқ солиниши керак бўлган мулк, деб ҳисоблайди, шу боис нарх ўсишидан фойда қилиб солиқ тўламаётган унинг эгаларини фош қилиш учун юридик кураш олиб бормоқда. Афтидан, бу текширув остига барча биткоин-транзакциялар тушади ва АҚШ федерал ҳукуматининг биткоиндан яна миллионлар ишлаб олиши эҳтимолдан холи эмас.
Мавзуга оид
11:36 / 16.11.2024
1 дона Bitcoin 1 кило олтиндан қиммат. Нархлар нега кескин ошди?
21:05 / 15.11.2024
АҚШда миллиардлаб долларлик биткоинларни ўғирлаган россиялик ҳакер қамалди
11:40 / 10.11.2024
Олтин ва кумуш арзонлашди, Bitcoin нархи кескин ошди - халқаро молия бозори шарҳи
12:10 / 20.10.2024