13 ноябр кунги савдоларда Bitcoin нархи тарихда биринчи марта 90 минг доллардан ошди. Айни пайтда биржада 1 BTC 89 минг 330 долларга баҳоланяпти. Бу 1 кило олтин нархидан (82 минг 624 доллар) ҳам қиммат.

Йил бошидан бери Bitcoin баҳоси 2 баробардан кўпроққа ўсди. Натижада BTC кумушни ортда қолдириб дунёдаги энг йирик саккизинчи активга айланиб олди. Хўш, нима учун мазкур криптовалюта кескин қимматлашяпти?

Биринчидан, охирги кунлардаги нархларнинг кескин ошиши Доналд Трампнинг президентлик сайловидаги ғалабаси фонида юз берди. У ҳукумат тепасига келганидан кейин “рақамли олтин” нархи 30 фоиздан зиёдга ошган. Бунга Трамп ўзининг сайловолди нутқида криптобизнесни қўллаб-қувватлагани сезиларли таъсир кўрсатди. Масалан, май ойида Трамп жамоаси расман криптовалюта орқали сайловолди кампанияси учун хайрияларни қабул қила бошлади.

Bitcoin ҳам Трампнинг реклама кампаниясининг бир қисмига айланди. Сентябр ойида сиёсатчи Ню Йоркдаги барда тарафдорларига Bitcoin’да бургерлар сотиб олди. У Ню Йорк дунёнинг “крипто пойтахти”га айланиши кераклигини бир неча бор таъкидлаб ўтди. Шунингдек, криптовалюта бозорини янада юмшоқроқ тартибга солишга ваъда берди, бу компаниялар ва инвесторлар учун муҳим афзалликларни тақдим этиши мумкин. Ушбу баёнотлар крипто бозорида ижобий муҳит яратяпти.

Иккинчидан, жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик ва инфляция сабабли кўплаб инвесторлар Bitcoin’ни ҳам олтин каби анъанавий активларга муқобил капитални ҳимоя қилиш воситаси сифатида кўришни бошлашди. Айниқса, Трампнинг ғалабаси молия бозорларида ноаниқлик юзага келтирди. Унинг иқтисодий сиёсати, хусусан солиқни пасайтириш ва давлат харажатларини кўпайтириш режаси, давлат қарзини ошириши мумкин. Бу эса инфляцияга олиб келиши прогноз қилиняпти ва Bitcoin инфляцияга қарши ҳимоя воситаси сифатида қараляпти.

Учинчидан, АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссияси (SEC) томонидан Bitcoin ETF’ларининг тасдиқланиши институционал инвестициялар оқимини оширди. Натижада йирик фондлар ва компаниялар криптовалюта бозорига фаол киришди, бу эса курсни мустаҳкамлашга ёрдам берди. Бундан ташқари, 2024 йилда Bitcoin Halving жараёни амалга ошди ва майнерларга бериладиган рағбат миқдори икки баробар – 6,25 BTC’дан 3,125 BTC’га туширилди. Таклифнинг камайиши ва талабнинг сақланиши ёки ортиши билан нарх юқори даражада сақланиб қоляпти.