Жамият | 10:48 / 22.11.2017
27058
2 дақиқада ўқилади

Эркак 9-қаватдан йиқилиб тушган аёлнинг ҳаётини сақлаб қолди (видео)

Чили пойтахти Сантьягода гаитилик муҳожир кўп қаватли бинонинг 9-қаватидан тушиб кетган аёлни қутқариб қолди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда. 

Аёл 9-қаватдаги хонадоннинг ташқари томонидан балкони четидаги тўсиққа осилиб турган. Нашр аёл бу вазиятга қандай тушиб қолганини маълум қилмаган. Пастда эса одамлар тўпланиб, ушбу ҳолатни тасвирга олишни бошлашган.

Чилига 3 йил аввал келган гаитилик Ричард Жозеф автобусдан тушганда аёлнинг осилиб турганига кўзи тушган. “Аввал мен телефонни олиб қолганлар каби воқеани суратга ола бошладим. Бироқ кейин бундай қилиш ярамаслигини англадим. Ўшанда мен аёлга қандай қилиб ёрдам бериш мумкинлигини ўйлай кетдим. Мен унинг йиқилишини юмшатишга ҳаракат қилиб кўрмоқчи бўлдим. Мен аёл боши билан ерга урилмаслигини истагандим. Асло унинг ҳаётини қутқариб қоламан деб ўйламагандим”, деб эсламоқда воқеани эркак.

Жозеф мушкул ҳолатда қолган аёл қаерга тушиши мумкинлигини чамалаб, ўша ерга қўлларини олдинга чўзганча туриб олган. Аёл юқоридан қулаганда шундоқ Жозефнинг қўлига тушган. Зарба кучидан уларнинг иккиси ҳам жароҳат олганлар, бироқ тирик қолганлар. Аёл оғир аҳволда шифохонага етказилган, Жозеф эса тиззаси, товони ва қўлларини шикастлаб олган.

Чилилик саҳоватпеша Леонардо Фаркас Жозефнинг даволанишига 2 млн чили песоси (3 минг доллар) беришга ваъда берган.

Мавзуга оид