Жамият | 16:20 / 22.11.2017
7953
3 дақиқада ўқилади

Қорақалпоғистонда 11 ишчининг​ 31 миллион сўмга яқин иш ҳақи ундириб берилди

«Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖда етакчи инженер лавозимида ишлаб келган Хусаин Ходжаниязов Қорақалпоғистон касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси​га мурожаат этиб, иш берувчи томонидан жамоа шартномаси талаблари бажарилмаётганидан шикоят қилган.

Касаба уюшма ҳуқуқшунослари томонидан мурожаат атрофлича ўрганилганда, Х.Ходжаниязовни 2015 йил август ойида «Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» АЖ маъмурияти ишга таклиф этгани, корхона жамоа шартномасига кўра, мавжуд барча имтиёзлар янги ходимга ҳам тааллуқли экани аниқланган.

Жумладан, жамоа шартномасига кўра, янги ходимнинг бутун меҳнат стажи янги иш жойида ҳам сақлаб қолинади. Шунга асосан махсус комиссиянинг қарори билан АЖда Х.Ходжаниязовнинг стажи 36 йил 1 ойлик деб белгиланган. Шунингдек, унинг иш ҳақига устама қўшиб берилиши кафолатланган. 

Ўзбекистон Касаба  уюшмалари федерацияси ахборот хизматининг хабар қилишича, 2016 йилнинг ноябрь ойида Х.Ходжаниязовнинг пенсияси расмийлаштирилиб, жорий йилнинг март ойида эса пенсия ёшига тўлгани сабабли меҳнат шартномаси бекор қилинганида, жамият раҳбарияти жамоа шартномасида белгиланган мажбуриятларини бажармаган.

Яъни, жамоа шартномасида ходимга пенсияга чиқиш муносабати билан бир йўла бериладиган нафақа ва Меҳнат кодексининг 109-моддасига асосан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинганда тўланадиган ишдан бўшатиш нафақасини тўлашдан бош тортилган.

Касаба уюшмалари иш берувчига юқоридагидек ҳолатларда Ўзбекис­тон Республикаси  Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддасига асосан айбдор шахслар жавобгарликка тортилиши мумкинлиги, Меҳнат кодексининг 112-, 188- ва  275-моддалари талабига кўра, ходим фойдасига маънавий зарар ундирилиши, юридик маслаҳат олиш, адвокат хизматидан фойдаланиш, суд иши ва бошқа сарф қилинган харажатлар қонун талабларини бузган мансабдор шахслардан ундирилишини тушунтириб тақдимнома киритди.

Натижада, Хусаин Ходжаниязовга Меҳнат кодексининг 109-моддасига асосан ўртача бир ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси ва «Пенсияга чиқиш муносабати билан меҳнат фаолиятини тугатганда» «​Ўзбекэнерго» ДАК ижроия аппарати, «Энергосотиш» филиали ва энергетика тизими УК ходимларига бир йўла бериладиган нафақа тўлаш тўғрисида»ги Низомга кўра, бир йўла бериладиган нафақа учун 16 млн. 453 минг 966 сўм ундириб берилди.

Шу билан бирга, мурожаатни ўрганиш давомида битта ишчи эмас, балки кўплаб ходимларнинг юқоридаги каби қонуний ҳуқуқлари бузилганлиги аниқланди. Натижада, 11 нафар ходимнинг бузилган меҳнат ҳукуқлари тикланиб, уларга 31 млн.га яқин  кафолатли тўловларнинг ундириб берилишига эришилди.

Мавзуга оид