TIME журнали ҳар йили йилнинг энг яхши ихтиролари рўйхатини эълон қилади. Бу йил ҳам истисно бўлмади. Қуйида жорий йилдаги энг эътиборга молик ихтиролар ўнлигини эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Мулоқот қила оладиган робот

Фото: Jibo, Inc.; Allison Schaller

Нархи — 899 доллар

Amazon Echo ва Google Home каби овозли ёрдамчилар билан жиҳозланган ақлли карнайлардан фарқли ўлароқ, Jibo тирик мавжудотга ўхшайди. Унинг дизайни Pixar студияси персонажларини эсга солади: ҳис-ҳаяжонлар катта юмалоқ юзда анимациялашган белгилар ёрдамида ифодаланади. Jibo кула олади, рақсга тушади, чақирилганда эгаси томон бурилади. Бу ёрдамчи ҳали анча такомиллаштирилиши керак: у эгасига янгиликлар лентасини тақдим этиб, суратга тушира олади, бироқ мусиқа ижро этолмайди. Uber каби ташқи иловаларни ишга туширолмайди. Нима бўлганда ҳам, бу мўъжаз робот инсон қиёфасидаги янги роботлар ичра биринчи қалдирғоч ҳисобланади.

 

2. eSight

Фото: TIME

Нархи — 9995 доллар

Кўз нуридан ажралган миллионлаб инсонлар кўчада юриш учун ҳасса ёки етакловчи итлардан фойдаланишади. Ушбу янги ақлли кўзойнак уларга ёрдам беради. eSight юқори тиниқликда видео ёзади ва унинг контрастлигини ошириб, қайта ишлайди. Натижада жуда ёмон кўрадиган инсонлар ҳам ёруғ оламни кўриши мумкин. Бу уларга, масалан, спорт билан шуғулланиш имконини беради. Кенг омма харид қилиши учун ҳозирча қурилманинг баҳоси жуда юқори, лекин ундан фойдаланилаётган харидорлар сони 1000 дан ошган.

 

3. Thyssenkrupp

 

Фото: TIME

Thyssenkrupp MULTI — худди юқори тезликка эга поездлардагидек, магнитли левитация технологиясидан фойдаланиладиган лифтлар тизимидир. Лифт кабиналари вертикал ва горизонтал ҳаракат қилиб, бири тўхтаб иккинчисини ўтказиб юбориши ҳам мумкин. Бу нафақат лифт кутиш вақтини қисқартиради, шунингдек, бинолар қурилишига ҳам жузъий ўзгартиришлар киритади. Бу йил синовдан муваффақиятли ўтгач, дастлабки MULTI Берлинда 2021 йилда ишга тушади.