Бу рўй берди. Ўзбекистонлик 20 ёшли ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов ниҳоят «Манчестер Сити» футболчисига айланди. Томонлар 2029 йил ёзига қадар амал қилувчи шартномани имзолашган.
«Ланс» сафидан туманли албионга ўтган футболчи ўзига бир вақтлар Марио Балотеллига тегишли бўлган 45-рақамли футболкани танлади. Унинг ўзи клуб сайтига берган интервюсида бу рақамни танлаши Беларусда профессионал футболни бошлаганида шу 45-рақамда ўйнагани билан изоҳлаган.
У интервюда «Манчестер Сити»да дунёнинг энг яхши футболчилари йиғилгани ва улар билан биргаликда майдонга чиқишини сабрсизлик билан кутаётгани, Пеп Гвардиолани — барча даврларнинг энг яхши мураббийларидан деб билишини ва ундан ўз ўйинини яхшилаш учун кўп нарса ўрганиш имкониятига эга бўлаётганидан мамнунлигини таъкидлаб ўтган. «Мен ва оилам учун бундай буюк клубга қўшилиш катта фахр беради ва мен бу чақириққа тайёрман», — деган футболчи.
15 клуб қизиққан, жумладан «Реал» ҳам
Ҳусанов янги мавсум бошида порлай бошлади ва «Ланс» мудофааси етакчисига айланди. Декабрга келиб у Европанинг топ-клублари назарига тушди, француз нашрлари дастлаб «Челси» ва «Нюкасл» томонидан қизиқиш ҳақида хабар беришди, январ ойига келиб Sky Sports даъвогарлар рўйхатига «Манчестер Сити»ни қўшди, Испаниянинг AS нашри эса — Мадрид «Реал» клубини. Шунингдек, ОАВда «Ювентус», «Милан», «Байер», «Боруссия», «Тоттенҳэм», «Лейпциг» ва бошқа клублар ҳам футболчи учун курашга қўшилгани тўғрисида хабарлар чиқиб турди — бундай клублар сони 15 га яқин эди.
Кўп ўтмай ҳақиқий даъвогарлар иккита экани ойдинлашди — «Реал» ва «Сити». Манчестер клуби бу қишда инқироздан чиқиш мақсадида кенг кўламли харидларни амалга оширмоқда ва маълумотларга кўра, бунинг учун 200 миллион евро сарфлашга тайёр. Ҳусанов ушбу стратегиянинг бир қисми бўлди: у мудофаа марказидаги муаммоларни ёпишга чақирилган.
«Реал»га ҳам ҳимоячи керак эди: Эдер Милитаонинг жароҳати клубни муҳим футболчисиз қолдирди, унинг ўрнига кўриб чиқилган «Тоттенҳэм»даги Микки ван де Вен ёки «Лейпциг»даги Кастелло Лукеба номзодлари эса қимматлик қилди (60 миллион евродан).
«Сити» бу рақобатда ғолиб чиқишида ҳам молия асосий ролни ўйнаган бўлиши мумкин. Нуфузли инсайдер Фабрицио Романо берган маълумотга кўра, «шаҳарликлар» трансфер учун «Ланс»га 40 миллион евро тўлайди, бонуслар билан бу миқдор 50 миллион еврога етиши мумкин. «Реал» катта эҳтимол билан бундай таклиф бера олмаган.







