Ўзбекистон | 11:07 / 25.11.2017
34657
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонни таъминлайдиган электр энергиясини фақат шамолнинг ўзидан олишга салоҳият бор — «Ўзбекэнерго» мулозими

Фото: KUN.UZ

Самарқанд вилоят матбуот марказида «Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси томонидан 2017–2018 йилларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда «Ўзбекэнерго» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Рўзиқул Райимов журналистларнинг муқобил энергия манбаларини жорий этиш ва ундан фойдаланиш ҳақидаги саволларига жавоб берди.

«Президентимизнинг муқобил энергетикани ривожлантириш учун дастлабки чоралари «Ўзбекэнерго» АЖ таркибидан ГЭСларни алоҳида ажратиб олгани бўлди. Улар сув энергетикаси сифатида фаолият кўрсатади. Чунки сувдан олинадиган электр энергиянинг тарифи битта, иссиқлик ва бошқа электр станцияларида ишлаб чиқариладиганларники бошқа. Агар бугун ГЭСлардан 1000 МВт электр энергияси ишлаб чиқараётган бўлсак, модернизация натижасида келгуси 3 йилда яна 700 МВт қўшилади. Ҳозиргача гидроэнергетиканинг улуши сувнинг кўп-кам бўлишига қараб 6–10 фоиз атрофида, холос. Фарғонада бу нарса жуда яхши йўлга қўйилмоқда. Улар 500 тага яқин кичик ГЭС барпо этишмоқчи.

Самарқандда ҳам бу борада ишлар бошланган. Хишрав ГЭСда ҳам реконструкция ишлари кетмоқда», — деди Р.Райимов.

«Қуёш энергетикаси ҳақида гапирадиган бўлсам, Президентимиз яқин кунларда баённома имзолаб берди. Туркия Республикасига ташрифи давомида 500 МВтлик қуёш электр станцияси барпо этишга келишилди. Ҳозирча 100 МВтлик станция бор. Бундай станцияни барпо этиш катта пул туради. Шунинг учун бу борада етти эмас, керак бўлса юз ўлчаб бир кесиш керак. Президент ушбу соҳада ким етакчи, ким энг етук мутахассис бўлса, ана ўшанга қилдирамиз деди. Туркиялик мутахассислар келиб, 500 МВтлик станция барпо этиб, электр энергияни халққа сотмоқчи», — дея журналистнинг саволига жавоб қайтарди «Ўзбекэнерго» мулозими.

«Ҳа, Европа давлатларида шамол энергетикасининг улуши тобора ортиб боряпти, — деди Р.Райимов KUN.UZ томонидан берилган саволга жавоб бера туриб. — Чунки уларда ёқилғи йўқ. Экологлари кўмир ёқишга, атроф-муҳитни ифлослантиришга қўйиб бермайди. Айримларда шу қазилма бойликлар ҳам йўқ. Четдан харид қилишади. Масалан, ўзимизда ҳам кунига 20 минг тонна кўмир ёқамиз. Буни вагонларга (50 тоннадан) бўлсангиз ҳажм қанчалик эканлигини билиб оласиз.

Улар изланишга мажбур. Хусусан, Германияда атом электр станциялари ҳам бор, уларни ҳам яқин йилларда тугатишмоқчи.

Юртимизда бу борада ҳам изланишлар олиб борилмоқда. Генераторлардан биттасини олиб келиб Бурчмуллага қўйдик. Ҳамма кўрди. Шамол кўп бўлади дейилган Бекободга ҳам ўрнатдик. Навоий кон-металлургия комбинати яқинида ҳам барпо этдик. Бирортаси рисоладагидек ишламаяпти, тўғриси. Шамолнинг кучи етмас экан. Сўнгра таҳлил қилиб чиқдик. Шундай шамол станциялари ўрнатишга изн берадиган ҳудудлар бор экан. Қорақалпоғистон Республикасидан Мискин йўналиши бўйлаб Учқудуқ шаҳригача бўлган ҳудудда етарли шамол йўли борлиги аниқланди. Агар шу йўналиш бўйлаб шамол генераторлари ўрнатиладиган бўлса, келажакда Ўзбекистонни таъминлайдиган электр энергиясини шамолнинг ўзидан олиб қўямиз.

Шамол доимий бўлса, генераторларни келтириб, ўрнатиб, сотаман деганлар ҳам кўп. Бу йўналишда ҳам ишлар олиб борилмоқда. Ўйлайманки, яқин кунларда шамол энергетикасини ривожлантириш учун мана шунча инвестиция жалб қилинди, деган хушхабарларни ҳам эшитиб қоласиз».

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.

Мавзуга оид