786 млн сўмлик божхона тўловларини тўлашдан қочмоқчи бўлганларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди
Маълумки, республикамизга товарларни ноқонуний олиб киришга чек қўйиш, сифатсиз ва қалбакилаштирилган маҳсулотлар олиб кирилишининг олдини олиш мақсадида божхона чегараси орқали товарларни олиб кираётган юк ташувчилар чегарани кесиб ўтган жойидаги божхона органларига олиб ўтилаётган товарлар тўғрисидаги маълумотни, шу жумладан уларнинг номи, миқдори, вазни ва юклар қиймати, тегишли товар кодлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этишлари шарт.
Амалдаги тартибларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товарларни декларацияламаслик ёки нотўғри декларациялаш, яъни товарлар ҳақида маълумотларни бермаслик ёхуд нотўғри маълумотлар бериш белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга асос бўлиб хизмат қилади.
Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда “Ўзбекистон” темир йўл чегара божхона постида аниқланган навбатдаги божхона қоидабузарлигида айрим шахслар томонидан ушбу талабларга зид равишда иш тутилганлиги фош бўлди.
Самарқанд вилоятида истиқомат қилувчи Б.Мамаримов номига Хитойдан келтирилган 2 та юк контейнерида йўл-юк кузатув ҳужжатларига кўра аслида салкам 50 тоннадан ортиқ оғирликдаги қурилиш моллари ва авто эҳтиёт қисмлари бўлиши лозим эди.
Аммо, ушбу контейнерлар юк қабул қилувчининг ишончли вакили С.Юлдашев ва холислар иштирокида белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда контейнерлардан бирига йўл-юк кузатув ҳужжатларида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида умуман маълум қилинмаган 24 турдаги кийим-кечаклар ортилгани маълум бўлди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, уларнинг тахминий қиймати 2 млрд 230 млн сўмдан ортар экан.
Иккинчи контейнерда ҳам худди шундай ҳолат кузатилди. Тегишли ҳужжатларда қайд этмасдан туриб, уддабуронлар қиймати 203 млн сўмдан ортиқ бўлган кийим-кечаклар ва турли қурилиш молларини божхона назоратидан четлаб олиб киришга уринишган экан.
Таҳлилларга кўра, шу йўл билан қонунбузарлар 786 млн сўмдан ортиқ божхона тўловларини тўлашдан қочишга уринишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182 моддаси 2- қисми “а” бандига мувофиқ жиноят иши қўзғатилди.
Унга кўра, жуда кўп миқдордаги товарларни бошқа ном билан декларациялаб, Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Мавзуга оид
19:30 / 31.01.2023
Имтиёз, қулайлик ва йўқолаётган бюрократия – божхона тизимида нималар ўзгарди?
23:41 / 11.01.2023
Заргарлик буюмларини Ўзбекистондан олиб чиқиш бўйича енгиллик берилди
07:32 / 07.01.2023
Ўзбекистонга олиб кириладиган товарлар учун божхона тўловларини аниқлаш тартиби ўзгаради
08:28 / 28.12.2022